Мен юртимиздаги кўплаб шифо масканлари ва санаторияларда даволанганман. Тўғриси, бу сиҳатгоҳга келиб худди мўъжизага дуч келгандек бўлдим. Ичкарига қадам қўяр экансиз, замонавий лойиҳа асосида қад тиклаган бинолар, ана шу иморатлар билан бўйлашган турли хил мевали ва манзарали дарахтлар, айниқса, сиҳатгоҳга туташ сув ҳавзаларни кўриб ич-ичдан яйраб кетасиз.
Чортоқ туманида ташкил этилган "Грен виллер" (Яшил водий) санаторияси ўтган 2018 йили барпо этилган бўлиб, ҳозирда бу ерда бир йўла юз нафар хотин-қиз даво олиш имкониятига эга. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу масканга эҳтиёжнинг юқорилигини инобатга олиб ўринлар сонини яна 100 тага ошириш мўлжалланмоқда.
Гапнинг хонаси келганида яна бир нарсага алоҳида урғу беришни истар эдимки, мазкур даволаш муассасаси кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларга берилган кенг имкониятларнинг амалий меваси сифатида майдонга келган, десам хато қилмаган бўламан. Боиси ушбу сиҳатгоҳни наманганлик ишбилармон Воҳиджон Боқибоев, унинг турмуш ўртоғи Мавлудахон Боқибоева ҳамда фарзандлари Раҳматилла, Нозимжон, Азимжон, Обиджон, Одинахон ва Орзухон Боқибоевлар ҳамкорликда бунёд этган.
Санатория ҳовлисига кириб, атрофни кузатсангиз, сизнинг диққатингизни сиҳатгоҳ ҳовлисига туташ ойнадек тиниқ кўллар ўзига оҳанграбодек жалб этади. Даволанувчилар бу сув ҳавзаларида оддий ва эшкакли, моторли қайиқларда сайр этиб, кўнгилдагидек ҳордиқ чиқарадилар. Айниқса, махсус ҳовузларда балиқлар урчитилиб, парвариш қилиниши мижозларни сифатли ва парҳезбоп таомлар билан таъминлаш имконини бермоқда. Бу ердаги физиотерапия бўлими хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилгани, аппаратларни ўз касбини пухта эгаллаган малакали ходимларнинг ишлатиши даволанувчиларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишга замин яратмоқда. Жумладан, мижозлар бу масканда парафин, дарсенвал, минерал сувли,тузли ванналардан фойдаланадилар. Астма касалига дучор бўлган беморлар сунъий туз ғорларида ўз дардларига шифо топишади. Бундан ташқари яна даволанувчилар махсус ўлчамдаги махсус ўлчамдаги электр нурларидан фойдаланадилар. Сиҳатгоҳда Ҳабибахон Қосимова, Маликахон Турсунбобоева, Иродахон Абдуллаева каби ўз касбига меҳр қўйган қатор шифокорларнинг хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқдир. Уч ярим гектарлик боғ даволанувчиларнинг витаминга бой мевалардан тўйиб тановвул қилишларини таъминламоқда.
Президентимизнинг ғамхўрлиги ва эътиборини ўз фаолиятлари мисолида чуқур ҳис этган оилавий тадбиркорларнинг келгусидаги режалари бир олам. Ҳозирда санаторияда даволанувчи болали аёллар учун коттеж биносини тиклаш бошлаб юборилган. Шунингдек, 200 квадрат-метр майдонда иссиқхона қуриш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Хотин-қизлар учун ёпиқ басейн қуришни ҳам тадбиркорлар ўзларининг амалий фаолият режаларига киритганлар.
Ҳожия Яшна опа НАБИЕВА.