МАРОҚЛИ ТАДБИР
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасидаги тадбир шундай номланди. Дастлаб, ШТБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси Баҳодир Турдиев Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳиятини йиғилганларга тушунтирди. Сўнгра тадбир меҳмонларига сўз берди.
"Тиббиёт ва замон" журнали бош муҳаррири, шоир Мусо Акмал она тилимизнинг серифодалиги ва бойлиги, унинг кечаси ва бугуни хусусида фикр юритиб, ўзининг янги ёзган шеърларидан намуналар ўқиди.
Таниқли шоир ва публицист Содиқ Сайҳун эса, ўзбек тилининг жаҳон тиллари ўртасидаги мавқеи, обрў-нуфузини ошириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатига эътиборни қаратди. Чунончи, ўттиз йил муқаддам қабул қилинган қонун, унга 1995 йилда киритилган қўшимча ва ўзгартишлар хусусида гапирди. Энг муҳими, тилимизнинг адабиётимиз ривожидаги, адабиётимизнинг тилимиз тараққиётидаги ролини ҳаётий мисоллар билан баён этибгина қолмай, ўзининг шеъру ғазаллари билан фикрларини яққол исботлади.
Анжуманда қатнашган врачу ҳамширалар тил байрамини ана шундай мароқли нишонлашди.
Тадбир сўнггида ШТБ бош врачининг ўринбосари Раҳматулло Тўрахонов меҳмонларнинг ташрифи ва чиқишларидан барча бой таассуротлар олганини таъкидлаб, ҳамкасбларига ўзбек тилининг тартиб-қоидаларию, Қонун талабларига қатъий амал қилиш зарурлигини алоҳида уқтириб ўтди.
ТАЛАБАЛАР ҲУЗУРИДА
Наманган муҳандистлик-қурилиш институтининг талабалар тураржойи мажлислар залида информатика ва ахборот технологиялари йўналиши ўқитувчи ва талабалари ташкилотчилигида Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирни "Информатика ва АТ" кафедраси доценти Муродилла Олимов очди ва олиб борди.
Дастлаб, шоир Зиёвиддин Мансуров бой тарихий ва маънавий меросимиз саналмиш ўзбек тилининг бугунги кундаги муҳим аҳамияти хусусида фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Доцент Собитхон Ҳошимов "Тил - миллат кўзгуси", талабалардан Беҳзод Жаъфаров "Она тили - миллатнинг руҳи", Рўзимат Иброҳимов "Давлат тили мақоми" мавзуларида маъруза қилишди. Иқбола Собитхонованинг тил ҳақидаги шеъри барчага манзур бўлди.
- Тил байрами жуда қизғин қечди, - дейди талабалар турар жойи педагог-тарбиячиси, "Музаффар сўз" адабий клуби раҳбари Абдураҳмон Камолов. -Айниқса шоир З. Мансуровнинг она юртимиз мадҳ этилган шеърлари мароқ билан тингланди. Энг фаол ва билимдон талабаларга туҳфалаган китоблари барчани хушнуд этди.
Манзура ЭРГАШЕВА.
ТИЛГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНА
Бу йилги тил байрами Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ғоят сермазмун ва мароқли кечиши билан унутилмас таассуротлар уйғотди.
Она тили ва адабиёти ўқитувчиларимиз Мактуба Ҳайдарова билан Гулчеҳра Бозоровалар Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётгани хусусида гапиришди. Болалар эса Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Муҳаммад Юсуфларнинг шеърларини ёддан айтишди. Ўзбек тилининг жарангдорлиги ва серифодалигини намоён этишди.
Сўз - тилнинг бебаҳо бойлиги, албатта. Айниқса, ижодкорлар мана шу хазинадан моҳирона фойдаланган ҳолда асарлар битишади. Тадбиримизга мактабимизнинг собиқ ўқувчиси Манзура Абдуллаевани бежиз таклиф қилмаган эдик. Ҳозиргача ўнгга яқин назмий ва насрий китоблар ёзган қизимиз ўқувчиларга ўзи каби олий ўқув даргоҳи талабаси ва магистранти бўлиш, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Навоий номидаги Давлат стипендиялари соҳиблари қаторидан ўрин олиш учун доимо аъло баҳоларга ўқиш кераклигини уқтирди. Сўнгра "Қуёш эртага қайтар", "Болакўз", "Китобхонлик: ўқиганларим ва уққанларим", "Сизни учратмагунча" каби китобларини мактабимизга туҳфа этди. Биз бундан беҳад қувондик ва фахрландик.
Ҳабиба ҲОЖИБОЕВА,
Тўрақўрғон туманидаги 55-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.