Аввал хабар қилганимиздек, 13 - 14 сентябрь кунлари вилоятимизда "ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуига бағишланган Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми бўлиб ўтди.
Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур форумда вилоят тиббиёти ва фармацевтика саноатининг бугунги салоҳияти намоён этилди ва уни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш, тиббиёт соҳасидаги жаҳон илғор инновацион тажрибаларини жорий этиш, шунингдек, ҳудудларда фармацевтик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган салоҳият ва имкониятлар билан дунё бизнес ҳамжамиятини ва халқаро ташкилотлар вакилларини таништириш ҳамда вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ушбу нуфузли анжуманнинг бош мақсади эди.
Халқаро форумда жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан, яъни Австрия, Венгрия, Польша, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Уммон, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Ҳиндистон, Миср, Исроил, Сингапур, Словакия, Малайзия, Озарбайжон, Қувайт, Қозоғистон, Беларусь, Болгария, Эрон, Саудия Арабистони, Туркманистон ва Украинадан 150 нафарга яқин фармацевтик компаниялар вакиллари, тиббиёт соҳасининг етук олим ва мутахассислари қатнашдилар.
Иштирокчилар Наманган аэропортида ва Тўрақўрғондаги Маданият саройида тантанали равишда кутиб олинди. Улар дастлаб Маданият саройи фаесида ва ҳовлисида ташкил этилган фармацевтика корхоналари маҳсулотлари ҳамда йирик хусусий тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган замонавий даволаш-диагностика фаолиятига оид кўргазмаларини кўздан кечирдилар.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозаров, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмановлар нутқ сўзлади.
Ялпи мажлисда Токио университети профессори Жехен Шахзадах Найяр, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изомов, Россия Федерацияси Президенти ишлар бошқармаси федерал давлат бюджети муассасаси "Ўқув-амалий тиббиёт маркази" оилавий тиббиёт кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Галина Баришникова, Урал давлат тиббиёт университети ректори, тиббиёт фанлари доктори, Россия Фанлар Академияси мухбир-аъзоси Ольга Ковтун ва бошқа таниқли олимлар тиббиёт соҳасига инновация ва инвестицияларни йўналтиришнинг аҳамияти, оналик ва болалик муҳофазаси, артериал гипертонияни самарали даволаш ва тиббиёт ҳамда фармацевтикага оид мавзулар бўйича илмий маърузалар билан чиқдилар.
Куннинг иккинчи ярмида бешта йўналиш - эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция анжуманлари бўлди. Бинобарин, "Қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари: даволаш ва диагностикасининг замонавий усуллари" ҳамда "Кардиология муаммолари ва юрак-қон томир касалликларининг рентгенэндоваскуляр жарроҳлик ва кардиожарроҳлик йўли билан даволаш" мавзусидаги маърузалар эшитилган секциялар Наманган шаҳридаги давлат хизматлари марказида, "Хирургик хасталикларнинг юқори технологик даволаш ва ташхислаш усуллари" ва "Фармацевтика тармоғи ривожига инновацияларни татбиқ этиш"га бағишланган секция машғулотлари форум ялпи мажлиси ўтган масканда, "Оналик ва болалик соҳасида тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари. Оналик ва болаликда инновацияларнинг аҳамияти" муҳокама этилган секция йиғилиши эса Наманган шаҳридаги "Ёшлар маркази"да ташкилланди. Уларда хорижлик ва ўзбекистонлик таниқли олимлар ҳамда мутахассисларнинг 73 та илмий маърузаси тингланди.
- Форум юксак даражада ташкил этилган. Таассуротларимиз бир олам. Айниқса, яхши ниятлар билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари сари дастлабки қадамлар қўйилаётганлиги қувонарли, - деди "AME International GmbH" компанияси "Электрон тиббиёт ва саломатлик " бўлими мудири Олегас Ниаксу.
Форум дастурида белгиланганидек, 13-14 сентябрь кунлари чет эллик машҳур олимлар ва республикамизнинг етакчи мутахассислари иштирокида 30 дан ортиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди. Бинобарин, тиббиёт соҳасининг таниқли намояндалари раҳбарлигида РШТЁИМ Наманган филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят кардиология марказида ҳамда "Анамед" ва "Ойдин шифо" хусусий клиникаларида мураккаб амалиётлар муваффақиятли олиб борилди.
Шуниси диққатга сазоворки, вилоят кардиология марказида мамлакатимиз вилоятлари орасида биринчилардан бўлиб, буйракни кўчириб ўтказиш, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак усти бези ёмон сифатли ҳосиласи олиб ташлаш, "Ойдин шифо" шифохонасида бачадон миомасини лапароскопик тотал гистерэктомияси каби жарроҳлик амалиётлари Наманган тиббиёти тарихида илк бора юқори сифатли бажарилди.
Мазкур юқори технологик амалиётларнинг 10 тасида Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон ва Ҳиндистон давлатларининг машҳур жарроҳлари иштирок этдилар. Озарбайжондаги М.А.Топчибашев номидаги хирургия илмий-текшириш институти колопроктология бўлими раҳбари, профессор Гурбанхан Муслимов, Минск давлат тиббиёт университети кардиология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Валерий Стельмашок, Остона тиббиёт университети лапароскопик ва бариартрик клиникаси раҳбари, профессор Орал Оспанов ва ҳиндистонлик Викрам Сингларнинг жарроҳлик маҳоратлари ҳамкасблари учун ўзига хос малака сабоқларига айланди, десак асло муболаға эмас.
20 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари мамлакатимизнинг нуфузли илмий-амалий тиббиёт марказлари малакали мутахассислари томонидан "Маҳорат дарси" сифатида телекоммуникация тармоғи воситасида онлайн тарзда кўрсатилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтган учта юқори технологик амалиётни Республика травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари Шуҳрат Мақсудов ва Ҳотамжон Қосимовлар ВКТТМ бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Зафар Ҳоловлар бажариб беришди.
- Ҳозиргина ғоят мураккаб жарроҳлик амалиётини қозоғистонлик шифокор Орал Оспанов билан ҳамкорликда ўтказдик. Унинг юқори маҳорат билан бажарган амалиётини вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаги наманганлик жарроҳлар онлайн тарзда кузатиб турдилар, - дейди вилоят эндокринология диспансери бош шифокори,тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов.
14 сентябрь куни яна бир тарихий воқеа рўй берди. Россия Федерацияси Урал давлат тиббиёт университетининг Наманган давлат университетида ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш маросими ўтказилди. Унда сўзга чиққан вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозаров, Урал давлат тиббиёт университети ректори, тиббиёт фанлари доктори, Россия Фанлар Академияси мухбир - аъзоси Ольга Ковтун ва бошқалар янги очилган қўшма тиббиёт факультети юқори малакали шифокор кадрлар таёрлашда муҳим аҳамият касб этиши хусусида гапирдилар. Дарҳақиқат, қўшма тиббиёт факультетида йилига 100 нафардан зиёд даволаш иши, педиатрия иши, стоматология ва фармацевтика йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.
Анжуман доирасида фармацевтика соҳаси вакиллари ҳам тармоқ тараққиёти билан боғлиқ масалалар юзасидан фикрлашдилар. Бир кун аввал ўтган секция йиғилишида фармацевтика тармоғи ривожига инновацияларни тадбиқ этиш бўйича баҳс - мунозаралар бўлганди. Эртасига эса вилоят фармацевтика саноатининг салоҳияти билан танишилди. "Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган қатор истиқболли лойиҳалар, уларнинг натижалари кўрилди. Ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар ўртага ташланиб, хориж фармкомпаниялари билан меморандумлар имзоланди.
- Эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатаётган корхоналарга солиқ ва божхона тўловлари бўйича узоқ муддатга имтиёзлар берилганлиги эътиборга моликдир, - дейди ҳиндистонлик сармоядор Сушан Падниз. - Шу боис ҳам "Косонсой-фарм" тизимидаги корхоналар билан меморандумлар имзолашга қизиқиш катта.
Аҳамиятлиси, форум доирасида ўнлаб чет эллик сармоядорлар билан тиббиёт ва фармацевтикага оид меморандумлар имзолаш тадбирлари ҳам бўлиб ўтди. Жумладан, умумий қиймати 92,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган 22 та келишувлар имзоланди. Келишувлар дунёнинг 10 та давлат ишбилармон доира вакиллари билан тузилди. Австрия, Германия, Исроил, Миср, Покистон, Россия, Словакия, Украина, Ҳиндистон ва Хитой компаниялари шулар жумласидандир.
"Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонасида фаолият юритувчи "Спринг фармацевтик" МЧЖ ҳамда Миср Араб Республикасининг "Pharco pharmaceuticals corporation" компанияси ҳамкорлигида қиймати 30 миллион АҚШ долларлик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Австриянинг "AME International GmbH" компанияси ўртасида 10 миллион АҚШ долларлик кардиология марказини барпо этиш, "Мерримед Фарм" МЧЖ корхонаси билан Германиянинг "Textima Export Import GmBH" компанияси ўртасида 30 миллион АҚШ долларлик кўп тармоқли замонавий тиббий марказ ташкил этиш бўйича келишувларни алоҳида қайд этиш жоиз.
Форум қатнашчиларидан бир гуруҳи Наманган вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилдилар. Тўрақўрғон туманидаги Ибрат мажмуаси, Ахсикент археологик ёдгорлиги, Чортоқ туманидаги Балиқли кўл туристик ҳудудига ташрифлар меҳмонларда чуқур таассуротлар қолдирди.
Яна бир муҳим жиҳат - форумнинг бориши телевидение, радио, газета ва журналлар ҳамда интернет тармоқларида кенг ёритилди. 110 дан ортиқ телекўрсатув ва репортажлар, эшиттиришлар, мақола ва хабарлар оммага етказилди. Форум янгиликларидан Россия, Озарбайжон ва Туркиядаги интернетдан фойдаланувчилар ҳам воқиф бўлдилар.
- Форумнинг аҳамияти шундаки, у тиббиётдаги оламшумул инновациялардан бохабар этибгина қолмади, айни пайтда вилоятимизга янги инвестицияларни жалб этишга кенг йўл очди. Бу эса соҳани ҳозирги давр талабларига ҳамоҳанг тараққий эттириш ва фармацевтиканинг янги қирраларини намоён қилиш имконини бериши шубҳасиз. Энди янги технологиялар мужассамлашган тиббий хизмат кўрсатиш, жаҳон бозорида рақобатбардош дори-дармон ҳамда тиббий буюмлар ишлаб чиқариш учун интилишларимиз янада авж олади. Шу билан бирга тиббий туризмни ривожлантириш имкониятини ҳам туғдирди, - дейди Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов.
Ҳа, гуллар диёри сифатида довруғ қозонган Наманган яқин орада соғлиқни сақлаш ва фармацевтика йўналишида ҳам ўз нуфузи ҳамда юксак салоҳияти билан жаҳонга танилиши шубҳасиз. Умид қиламизки, форум доирасидаги саъй-ҳаракатлар ва илмий анжуманлар пировардида эришилган натижалар, хорижлик ҳамкорлар билан рўёбга чиқариладиган ўнлаб лойиҳалар ана шу эзгу мақсадга пойдевор вазифасини ўтайди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.