Ражу СУВАМИ,

"UZIND" соғлиқни сақлаш компанияси бошқарувчи директори:

- Наманганга тўртинчи келишим. Аввал ҳам бу ерда уюштирилган шундай катта анжуманларда қатнашганман. Бугунги таркибимизда компаниямиз аъзолари бор. Ҳиндистондан тажрибали шифокорлар, тиббий жиҳозларни ва замонавий технологияларни, қимматбаҳо дори воситаларини арзон нархда олиб келамиз. Албатта, бунда маҳаллий шифокорлар кўмагига таянамиз.

Вилоятингиз ҳақида маълум хулосаларга эгаман. Ишонч билан айтаманки, тадбиркорлар учун етарли имкониятлар яратилган. Биз Учқўр­ғон туманида кўп тармоқли хусусий диагностика маркази қуриш учун инвестиция киритмоқчимиз. Нафақат Наманган, балки водий, бутун Ўзбекистон, унга қўшни давлатлар билан истиқболли ҳамкорликни кенгайтирмоқчимиз.

 

Диляра МЕДВЕДСКАЯ,

Россиянинг хусусий оилавий тиббиёт маркази бошқарувчи директори:

- Екатеринбург шаҳрида жойлашган оила марказимиз ташкил топганига 19 йил тўлди. Бефарзанд оилалар вакиллари юзида қувончни кўриш - асосий мақсадимиз. Бизда даволанган эр-хотин жуфтликларнинг 80-90 фоизи ижобий самара билан чақалоқли бўлишмоқда. Дунё бўйича бефарзанд оилалар 20 фоиздан иборатлигини инобатга олиб, географиямиз кўлами ортмоқда.

Бепуштликни камайтириш, она ва бола соғлигини барқарор таъминлаш йўлида Наманганда ҳам перинатал марказлари, хусусий клиникалар, "Екатеринбург ЦСМ" филиалини очиш ниятидамиз. Шу масала юзасидан музокаралар юритдик. Тажрибали акушер-гинеколог ва уролог-андрологларни жалб қиламиз.

 

Шуҳрат МАРАСУЛОВ,

Қозоғистон миллий тиббиёт илмий маркази болалар кардиожарроҳлик бўлими бошлиғи:

- 23 йилдан бери шу соҳада ишлайман. Диёрингиз хал­қаро тажриба алмашишга мезбонликни аъло даражада уддалади, жиддий тайёргарлик кўрилган. Форумдан ке­йин тез фурсатларда соҳага доир сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй беришига ишончим комил.

Наманган шаҳридаги муҳташам бино - Давлат хизматлари марказида секцияларга бўлинган ҳолда янгиликларни ўртоқлашдик.

Кардиологиянинг долзарб муаммоларига инновацион ёндашув йўналишида маъруза ўқидим. Савол-жавоблар, муҳокамалар ўтказилди, баҳс-мунозарали масалаларга малакали мутахассислар билан биргаликда ечим изланди. Мулоҳазалар, ўринли таклифлар, бизнес режалар илгари сурилди.

 

Рашид Ал-МУТАВА,

Қувайт миллий онкология маркази бош консултанти:

- Халқаро форумга тўхталадиган бўлсам, республикангиз соғлиқни сақлаш вазири ва ви­лоятингиз ҳокими билан кўришганимизда улар инвесторлар учун барча шароитлар ҳозирланишини таъкидлашди. Тушундимки, юртингиз катта салоҳиятга эга экан.

Анжуман доирасида Наманган вилоят онкология шифохонасига бордик. Бу ерда биздан "Қандай камчилик кузатдингиз?" дея маслаҳат сўрашди. Биз эса 160 ўринли шу даволаниш муассасасида бир йил ичида 2 минг нафар бемор "операция" қилинаркан. Демак, ўрин ва шифокорлар сонини ошириш зарурлигини айтдик.

Дарвоқе, форумнинг икки кунлик фойдали расмий, назарий ва амалий тадбирларидан сўнг биз учун Наманганнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилгани айни муддао бўлди.

Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.