Наманганда "ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуига бағишланган халқаро форум доирасида вилоят кардиология марказида илк бор беморнинг ишдан чиққан буйраги олиб ташланиб, ўрнига соғлом буйрак кўчириб ўтказилди. Бу ўта мураккаб жарроҳлик амалиётини академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий марказининг юрак-қон томир хирургияси бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Шамсиддинович Баҳриддинов ўз шогирдлари билан биргаликда муваффақиятли амалга оширди.

Операция қарийб икки ярим соат давом этди. Наманган шаҳрида яшовчи 37 ёшли Барно Мусабоевага донор отаси Собиржон Мусабоевнинг бир буйраги ғоят эҳтиёткорлик билан кесиб олиниб, хаста қизининг танасига трансплантация қилинди. Энг муҳими, уларнинг холати тиббий талаблар меъёрида. Ҳадемай, улар кўз очишганида, бемор қизнинг ҳам, меҳрибон отанинг ҳам кўзларида севинч ёшлари қалқишига, мўъжизавий муолажа шарофатидан ўз нажоткорларига олқишлар айтишларига ишончимиз комил.

Ҳозиргача бундай жарроҳлик амалиётига ҳеч бир вилоятда қўл урилмаган эди. Халқаро форум доирасида бажарилган мураккаб операция Ўзбекистонда тиббиёт тараққиёти қисқа фурсатда жаҳон андозалари даражасига кўтарилаётганидан дарак беради. Чунки Президентимиз тармоқдаги мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар. Мамлакатимизда 2017 йил 23 ок­тябрда қабул қилинган "Буйрак ва жигар тўқималарини трансплантация қилиш ҳақида"ги вақтинчалик Низом асосидаги тиббий амалиётнинг муваффақиятли ижроси фақат мамлакатимиз пойтахтида изчил таъминлаб келинаётган эди. Яна ҳам аниқроғи, шу пайтгача 200 дан зиёд беморларнинг яроқсиз буйраклари соғ­лом буйракка алмаштирилди.

- Беморимизнинг руҳи тетиклиги, кайфияти баландлиги, айниқса, яшашга бўлган кучли умидворлиги, бизни трансплантациямиз муваффақиятли якунланишига ишончимизни янада оттирган эди, - дейди зўр мамнуният билан форум қатнашчиси, таниқли жарроҳ Фазлиддин Баҳриддинов. - Худо хоҳласа, Барнохон қизимиз танасига кўчириб ўтказилган ғамхўр ва меҳрибон отасининг соғлом буйраги туфайли узоқ яшайди.

Шу ўринда биргина ҳаётий факт. Бундан икки йил муқаддам буйрак трансплантацияси республикамизнинг моҳир жарроҳлари учун ҳам кўп йиллардан бери ушалмаётган орзу эди. Бемор ҳамюртларимизда катта маблағлар эвазига Ҳиндистон ва Россия давлатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилган. Бундан бошқа чоралари ҳам бўлмаган. Бугун эса Наманган вилоятида оламшумул тиббий амалиёт ҳеч шов-шувларсиз, форум чоғида намуна сифатида бажариб кўрсатилди. Демак, ХХI асрда тиббиётдаги инновациялар беҳад қувончли самаралар бера бошлади.

13 сентябрь.