Вилоятимизда ўтказилаётган халқаро форумда оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалашга ва соҳада кадрлар салоҳиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Дастлабки куннинг иккинчи ярмида Наманган шаҳридаги "Ёшлар маркази"да уюштирилган маҳорат дарс­лари "Оналик ва болалик соҳасида тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари. Оналик ва болаликда инновацион саволлар"­га бағишланди.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти акушерлик ва гинекология кафедраси мудири, профессор Мунира Асатова олиб борган мазкур ўқув-амалий анжуман ўзининг долзарблиги билан муҳим аҳамият касб этди.

Пирогов номидаги Украина миллий тиббиёт университети, ўқув-инновацион маркази директори Димитрий Коньков "Репродуктив контент. Акушер-гинеколог амалиётида бепуштликдаги клиник стратификацион хавфлари", Екатеринбург оила тиббиёт маркази профессори Яна Скоробогатова "Бепуштлик. Эски муаммога янги қарашлар", республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази анестезиолог-реаниматологи, профессор Ким Ён Дин "Далилларга асосланган тиббиёт нуқтаи назардан акушерликда замонавий ёндашиш", мазкур марказ ходими, профессор Дилфуза Алиева "Бачадон бўйни касалликларини замонавий даволаш ва ташхислаш усуллари", Татаристон Республикаси клиник шифохонаси бош врачи Елена Фомина "Тос вена томирлари текширувларининг долзарблиги", Тошкент врачлар малакасини ошириш институти педиатрия ва болалар овқатланиши кафедраси мудири Инобат Аҳмедова "Болаларда антибиотик ассоцияланган диареяси", Республика перинатал маркази акушер-гинекологи Улуғбек Жабборов "Резус номутаносибликни даволаш ва диагностикадаги инновациялар", Тошкент тиббиёт академияси акушер-гинекологи, доцент Дилрабо Қаюмова "Пери-постменопаузал даврида метаболик синдромида мунопаузал гормонал терапия ўрни", вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази врач-урологи, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматов "Ўғил болаларда жинсий ривожланиш бузилишини эрта ташхислаш ва коррекция қилиш усуллари" мавзуларида маърузалар қилдилар.

Анжуманда хориж мутахассислари билан бир сафда пойтахт ҳамда республиканинг барча вилоятларидан ташриф буюрган акушер-гинеколог, педиатр ҳамда умумий амалиёт шифокорлари ва маҳаллий мутахассислар соҳага тадбиқ қилинаётган янгиликлардан хабардор қилинди. Тажриба, фикр, мулоҳаза алмашинди. Соҳадаги янги инновацион ғоялар барчанинг диққат марказида бўлди.

- Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакатига айланибди, - деди анжуман қатнашчиси Димитрий Коньков. - Юртингиздаги тиббиёт ривожи учун инвестиция ва инновациянинг киритилиши эса янада юксалишлар сари муҳим омил бўлиши шубҳасиз. Шу билан бир қаторда она ва бола саломатлигига алоҳида эътибор қаратилар экан, бу Ўзбекис­тон келажаги буюк ва янада қудратли бўлишидан далолатдир.

Манзура ЭРГАШЕВА.