Аввал хабар берилганидек халқаро форумнинг биринчи куни вилоят кардиология марказида илк бор буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилган эди. Иккинчи куни ҳам академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов ўз шогирдлари билан яна бир беморнинг яроқсиз буйраги ўрнига донордан олинган соғломини трансплантация қилди.

Марказнинг рентгенэндоваскуляр бўлимида эса ҳалқаро форум меҳмонлари-Россия федерациясидан келган профессор У. Ибрагимов ҳамда Беларусдан ташриф буюрган доцент В. И. Стельмашоклар наманганлик интервенцион кардиологлар билан ёнма-ён туришиб, стенокардиядан азоб чекаётган ўндан зиёд беморларнинг юрак қон томирларига стенд ўрнатишни ғоят муваффақиятли бажаришди.

Форумнинг назарий қисми илмий янгиликлар тарғиботига бағишланди. Унда айниқса Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, профессор А. Б. Шекнинг "Атроген дислипидемиянинг замонавий даволаш усуллари", тиббиёт фанлари доктори Р. Р. Ярбековнинг "Қандли диабет билан оғриган беморларда аорта-коронар шунтлаш натижалари", вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди С.Ж.Мўминовнинг "Наманган вилоятида кардиология хизмати ва истиқболдаги режалар" ҳақидаги маърузалари мароқ билан тингланди.

Шунингдек, яна бир қатор таниқли кардиолог ва олимлар юрак хасталикларини даволашга инновацияларни жорий қилишнинг самаралари ифодаланган, тажрибалари мужассамланган маърузалари билан чиқдилар. Илм-фан ютуқларига доир савол-жавоблар янада қизиқарли кечди.

- Халқаро форумда иштирок этиб, соҳамиз бўйича кўп нарсаларни ўргандик, - деди Тошкент вилоят кардиология диспансерининг олий тоифали врачи Шоира Каримова. -Янги тиббий технологияларни амалиётга жорий этишда наманганликлар чинакамига илғорлаб кетишибди. Кардиология хизмати халққа яқинлаштирилибди, оворагарчиликлар барҳам топибди. Бу, албатта, Президентимиз тиббиётчилар олдига қўйган долзарб вазифаларнинг амалдаги ижроси ва самарасининг яққол намунасидир.

Шу каби эътирофлар икки кунлик форум иштирокчиларининг тилларида такрор-такрор зикр этилди. Меҳмон ҳамкасблар беқиёс ўзгаришларга боқиб, жуда-жуда ҳавасланишди. Наинки вилоят тиббиёти ютуқларига, айни вақтда янгиланган гўзал Наманганнинг бугунги кўрку ҳуснига ҳам, файзу тароватга ҳам.

Содиқ САЙҲУН.