Халқаро Форумнинг иккинчи куни РШТЁИМ Наманган филиалида ўтказилиши режалаштирилган жарроҳлик амалиётини Озарбайжон Республикасидан ташриф буюрган меҳмон, Бакудаги М.А. Тапчибашев номидаги хирургия илмий текшириш институти колопроктология бўлими мудири, профессор Гурбанхан Муслимов наманганлик ҳамкасб жарроҳлар - Бунёд Курбонбоев ва Икром Хўжамбердиев билан биргаликда ўтказди.
Юқори технологияли ушбу операция беморнинг диафрагма қизилўнгач тешиги чурраси видеолапароскопик фундопликация йўли билан ташкил этилган видеолапароскопик жарроҳлик амалиётидир.
Г. Муслимов беморнинг амалиётга тайёрлиги даражасини пухта ўрганиш ёки беморни амалиётга ҳар жиҳатдан тайёрлаш амалиётнинг муваффақиятли ўтиши учун ўта муҳим эканлигини таъкидлади. Операция учун танланган бемор ҳолати тўғрисида ахборот берди. Сўнгра амалиёт бошланди. Жарроҳнинг ҳар бир ҳаракати тасвирни мониторга узатиш йўли билан тўла овозли тарзда намойиш этиб борилди.
Лапароскопия асбобини ўрнатиш йўллари, қон кетиб қолмаслиги учун қисқич ва қайчиларни қандай ишлатиш кераклиги, бу йўлда шифокор қўл ҳаракати малакасини ўзлаштириши зарурлигини тушунтирди. Шифокор одам анатомиясини мукаммал билиши ва қон томирларининг жойлашган ўринлари, қон кетишига йўл қўймаслик кераклигини қайта-қайта тайинлади. Шундай қилиб Г. Муслимов тўпланган жарроҳларга қисқа фурсатли маҳорат дарси ўтказиб берди.
Амалиётдан сўнг К. Муслимов ўтказилган операцияда яна нималарга эътибор қаратилиши, яна қайси асбоб бўлганда янада яхши бўлиши мумкинлигини тушунтириб берди.
- Гурбанхан Муслимовни яхши танийман, - дейди филиал жарроҳларидан бири Толибжон Мамадумаров. - У Озарбайжондаги кам оғриқли эндоскопик жарроҳлик жамияти раҳбари сифатида Ўзбекистонда бир қанча маҳорат дарслари ўтказиб берган. Ҳатто Ўзбекистон Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва врачлар малакасини ошириш институти уни Фахрий профессорликка тавсия этишган.
М. АКМАЛОВ.