Форумнинг иккинчи куни Республика акушерлик - гинекология илмий-амалий тиббиёт марказининг олим-врачлари "Ойдин-шифо" хусусий муассасасининг операция залида Фарғона водийсида биринчи бор ўтказилиши мўлжалланган жарроҳлик амалиётига киришишди.
Уйчилик 46 ёшли - Муаззам Ҳайдарова бачадон миомасидан азоб чекаётган эди. Моҳир жарроҳлар, тиббиёт фанлари номзодлари - Санжар Йўлдошев ва Фахриддин Миралиев, анестезиолог-реаниматолог, профессор Ким Ён Дин томонидан қон кетиш белгиси билан юзаланган бачадон миомаси лапароскопик операция йўли билан бартараф этилди. Яъни ҳеч қандай жароҳатсиз, кесмасдан, каминвазив усулда амалга оширилди.
Пойтахтдан келган мутахассисларга вилоят перинатал маркази врачлари - реанимация бўлими мудири Муҳиддин Соҳиббаев, акушер - гинеколог тиббиёт фанлари номзоди Лола Абдуллаевалар ёрдамлашишди.
Лапароскопик тиббий амалиёт жараёнини қўшни хонага қўйилган экран орқали вилоят ва туманлардан таклиф этилган акушер-гинекологлар кузатиб туришди. Янги усулнинг қулай ва афзаллигини кўриб ўрганишди.
- Форум ташкилотчиларига мингдан-минг раҳмат, - деди беморнинг синглиси Марғуба Абдураҳмонова. - Опамни жароҳатсиз операция қилишди. Шифокорлар ўз касбларининг чинакам усталари эканлар. Айтишларича 5-6 соатдан кейиноқ кўз очиб, 3 кунда шифохонадан уйига - оиласи бағрига қайтармиш. Бу, чиндан ҳам мўъжиза?!
Дарҳақиқат, шундай. Форум юқори технологияли, тиббий инновациялар туфайли соҳа тараққиёти янги босқичга кўратилаётганини яққол намойишига айланди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.