Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Форум доирасида Қозоғистон Республикаси болалар кардиохирургияси миллий илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Шуҳрат Марасулов, кардиохирург Бахитжан Нуркеев бемор болаларни кўрикдан ўтказдилар. Улар поплик уч ёшли Асалхон Турсуналиевада "Чап томонлама орқа миниторакотомия. Очиқ артериал томирни клиплаш" бўйича мураккаб операцияни ҳам амалга оширдилар.
Шу куни косонсойлик ёш оила бекаси Муаззамхон Сиддиқжонованинг қувончи жуда ҳам чексиз бўлди. Айнан юқори технологик жарроҳлик амалиётлари унинг жажжи фарзандини ҳам дарддан тезроқ фориғ бўлишига олиб келди. Яъни бир ёшли ўғли Акмалхон Аъзамхоновнинг буйрак - сийдик йўли туғма нуқсони бартараф этилди.
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар хирургияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Хуршид Сатторов ҳамда мутахассислари Нодир Орифжонов ва Баҳодир Каримовлар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг урология ва ўсмирлар гинекологияси бўлимида маҳаллий шифокорлар билан биргаликда вилоятда биринчи марта каминвазив усулда сийдик йўллари туғма нуқсони билан туғилган бемор болаларни эндоскопик йўл билан операция қилдилар.
- Мазкур амалиёт кўп вақт талаб қилмайди, беморнинг ортиқча азият чекишига йўл қўйилмайди, - деди бўлим мудири, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза Нурматов. - Шунингдек, кам жароҳат ҳамда операциядан кейинги тикланиш жараёнининг қисқалиги бемор болаларни тезроқ соғломлар сафига қўшилишига имкон яратади.
Дарҳақиқат, энди мазкур хасталик билан оғриган болаларни пойтахт шифохоналарига юборишга асло ҳожат қолмади. Юқори технологик мураккаб операциялар шу ернинг ўзида малакали мутахассислар томонидан амалга оширилади.
Манзура ЭРГАШЕВА.