Наманган шаҳридаги "ANAMED" хусусий клиникасида "Нейрохирургик ва урологик касалликларни жарроҳлик йўли билан даволашда инновацион ва миниинвазив даволаш усуллари" мавзусида секция йиғилиши ташкилланди.
Унинг доирасида ўтказилаётган илмий-амалий анжуман шуниси билан аҳамиятлики, мамлакатимиздаги нуфузли тиббиёт соҳаси билимдонлари қаторида жаҳоннинг тиббиёт ривожи йўлида катта ютуқларни қўлга киритган давлатларининг вакиллари ҳам иштирок этиб, мавзу юзасидан ўз изланишлари ва билимларини ўртоқлашилганлигидир.
Шу куни клиникада юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Жарроҳлик амалиётларини форум иштирокчилари онлайн тарзда кузатиб туриш имконига эга бўлдилар.
Маълумки, Президентимиз шу йил вилоятимизга қилган ташрифлари чоғида ушбу "ANAMED" хусусий клиникасида бўлиб, шароит ва клиника жамоаси эришаётган ютуқлар билан танишган, ўзининг ижобий баҳосини берган ҳамда клиника қошида ўқув марказини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Форум доирасида ана шу ўқув марказининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Марказга келгусида нафақат вилоятимиз, балки бутун мамлакат ва жаҳон тиббиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тиббиёт вакилларини таклиф этиш назарда тутилган.
Шунингдек, форум иштирокчилари янги ташкил этилган мобиль поликлиника билан ҳам танишдилар.
- Мобиль поликлиника энг сўнгги замонавий тиббий аппаратуралар билан жиҳозланган бўлиб, эндиликда биз вилоятнинг энг чекка ҳудудларига ҳам бориб, у ерда яшовчи аҳолини мукаммал тиббий текширувдан ўтказиш имконига эгамиз, - дейди "ANAMED" хусусий клиникаси раҳбари Носирбек Абдуллаханов. - Бундай янги инновацион ғоя ва ташаббусларимиз замирида аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза этиш, оғир турдаги касалликларни вилоятнинг ўзида даволашни ташкил қилиш, аҳолига ҳар жиҳатдан қулайлик яратишдек мақсад мужассам. Форум иштирокчилари бўлган хорижлик ҳамкасбларимиз билан келгусида ҳам илмий-амалий ҳамкорлигимиз давом этишига ишонаман.
Санжарбек ҲАМИДОВ.