Вилоятимизда муваффақиятли якунланган "ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуига бағишланган  Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми  соҳалар тараққиёти учун янги истиқболларни белгилаб берганлиги билан эътиборга моликдир.

Форум доирасидаги  ялпи мажлис ва секция анжуманлари чоғида тиббиёт ва фармацевтикани равнақ топтириш билан боғлиқ илғор тажрибалар билан ўртоқлашилди. Таниқли олимлар ва амалиётчиларнинг мушоҳадаларга бой илмий маърузалари тингланди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар ва тиббиётчилар хорижлик ҳамкасблари билан мулоқотлар чоғида эса  ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикр­лашиб олишди.

Бугун жаҳон тиббиёти ва фармацевтикаси жадал суръатлар билан ривожланяпти. Шундай  экан, бу соҳаларнинг эртанги кунини инновацион ғояларни ҳаётга тезкор равишда татбиқ этилишини таъминлашсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ғояларнинг амалга ошириш учун эса инвестициялар сув ва ҳаводек зарурлиги барчага аён. Форум давомида бу борада ҳам қатор келишувларга эришилганлигидан мамнунмиз.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамовнинг "Инвестиция ва инвестицион муҳит" деб номланган маърузаси ҳам барчада қизиқиш уйғотди. Унда белгилаб берилган вазифалар жуда ҳам долзарблигини таъкидлаш ўринлидир. Ҳудудий бўлинмамизда форумдан келиб чиқадиган устувор вазифалар юзасидан чора-тадбирлар белгиладик. Уни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш учун инновациялар тарғиботи ва амалиёти бўйича фаол иш олиб борамиз.

Ирода МУСАЕВА,

Инновацион соғлиқни сақлаш

миллий палатаси вилоят ҳудудий

бўлинмаси директори.