Хайрулла БОЗОРОВ,

вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Истиқлол йилларида бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантиришда бир қатор ютуқларга эришилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугун ҳақли равишда айта оламизки, Наманган - Ўзбекистоннинг тиббиёт салоҳияти ва фармацевтика саноати энг юксалаётган вилоятларидан бирига айланиб бормоқда.

Дарҳақиқат, "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да вилоят бўйича биргина ижтимоий соҳага қарийб бир триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Албатта, соғлиқни сақлаш тизими моддий-техник базасини тараққий эттириш масаласи доимий долзарблик касб этмоқда. Соҳа бино ва иншоотлари реконструкция қилинмоқда. Янги бинолар қурил­япти. Энг замонавий ва такомиллашган тиббиёт асбоб-ускуналари харид қилинмоқда.

Наманганлик шифокорлар хориждаги илғор тажрибаларни, тиббиёт ютуқларини фаолиятда самарали қўллаш сари интилмоқдалар. Чет элда малака ошираётган врач ва ҳамшираларимиз сони ортмоқда. Бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 5 нафар тиббиёт фанлари доктори, 30 нафардан ортиқ фан номзоди хизмат қилмоқда. Ўнлаб ёшлар илмий изланишлар олиб боришяпти. Бугун-эрта Наманганда Россиядаги Урал давлат тиббиёт университетининг қўшма факультети очилади.

Наманган тиббиёти ва фармацевтика саноатини жадал суръатда ривожлантиришга эришиш бош мақсадимиздир. Аввало, тизим равнақи учун хорижий инвестицияларни янада кўпроқ йўналтириш зарур. Соҳа иши сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш учун эса чет эллик мутахассислар билан ҳамкорликда жаҳон тиббиёти ютуқларини амалиётга татбиқ этиш, замонавий клиникалар сонини янада кўпайтириш, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини Наманганда ўтказиш салмоғини ошириш билан аҳоли, айниқса кам таъминланган оилалардаги беморлар учун қўшимча шароитлар яратиш ғоят муҳимдир.

Вилоятда фармацевтика соҳаси ҳам илдам ривожланяпти. "Мерримед фарм", "Наманган фарм плант", "Камол мед", "AX medical fharm" ўзбек-хитой қўшма корхонаси, "SPRING PHARMAСEUTIC"ларда юзлаб турдаги фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган бўлса, "Косонсой фарм" эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиҳалар устида ишланмоқда. Лекин бу ҳам кам. Шу ўринда "Косонсой фарм" ЭИЗда тадбиркорлар учун имкониятлар бундан ҳам улкан эканлигини таъкидламоқчиман. Президентимиз Қарори билан бу зонада бизнес юритадиганлар учун катта имтиёзлар берилган. Ер солиғи, мулк солиғи, қў­йингчи 8 турдаги солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган.

Наманганда ўтказилаётган йирик хал­қаро анжуман - "ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуига бағишланган Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форумидан умидимиз жуда ҳам катта. Икки кун давомида тинг­ланадиган илмий маърузаларда, бизнес вакилларининг учрашувларида, вилоятимиз нуфузли шифохоналарида "маҳорат дарси" сифатида ўтказиладиган элликка яқин мураккаб, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари чоғида, иштирокчиларнинг ўзаро мулоқотларида ҳозирги давр тиббиёти ва фармацевтика тармоғини янада жадал равнақ топтиришга оид масалаларга ечим изланади, фан-техника ютуқларини соҳага татбиқ этиш бўйича кўникма ҳосил қилинади, албатта.

Форум қатнашчиларини гуллар диёри - Наманганга ташрифлари билан чин дилдан қутлайман. Қадамингизга ҳасанот, азизлар! Ўз навбатида Халқаро илмий-амалий анжуман ишига муваффақиятлар тилайман!