Алишер ШАДМАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири
Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш, халқимизга тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини халқаро даражага олиб чиқиш борасида изчил ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бу жараёнда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида соҳани янада ривожлантириш, ихтисослаштирилган тиббий хизматни яқинлаштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бунга мисол тариқасида биргина Наманган вилоятини оладиган бўлсак, ушбу ҳудуд юртимизнинг тиббий салоҳияти ва фармацевтика саноати ривожланган вилоятлардан бири ҳисобланди. Жумладан, даволаш-профилактика йўналишида амалга оширилаётган янгиликлар, замонавий технологиялар, ахборот-коммуникация воситалари ҳамда юқори технологик амалиётларнинг фаолиятда кенг қўлланилаётгани, маҳаллий шифокорларнинг хорижий давлатларда ўз тажрибасини ошириб келаётганлиги, дори-дармон ҳамда тиббий буюмлар вилоятнинг ўзида ишлаб чиқарилаётгани юқоридаги фикримизга далилдир.
Айни пайтда Наманган вилоятида 220 та давлат бюджетидан молиялаштириладиган тиббиёт муассасалари фаолият юритмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, давлат тиббиёт муассасалари билан бирга, хусусий сектор ҳам илдам ривожланиб бормоқда. Хусусан, вилоятда сўнгги уч йилда 70 дан зиёд нодавлат тиббиёт масканлари очилиб, жами 350 тага етди. Бугун ушбу муассасалар ўзининг юксак салоҳияти, қўллаётган илғор даволаш-диагностика технологияли даво усуллари орқали давлат тиббиёт муассасалари билан рақобатга киришяпти. Бунинг натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати кескин кўтарилмоқда.
Шу ўринда вилоят тиббиётида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масаласига ҳам устувор аҳамият берилаётганлигини алоҳида қайд этмоқ жоиз. Ҳозирда Уйчи, Учқўрғон, Норин, Янгиқўрғон, Чортоқ, Наманган туман кўп тармоқли марказий поликлиникалари, Чуст тумани Каркидон қишлоғидаги 45-оила поликлиникасида бу хизматдан аҳоли унумли фойдаланмоқда.
Кадрлар малакаси ва маҳоратини оширишда ҳам чет элдаги ҳамкасблар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Жумладан, маҳаллий шифокорлар Англия, Германия, Россия, Туркия, Хитой, Япония, Ҳиндистон ва Жанубий Кореядаги нуфузли тиббиёт масканларида малака ошириб қайтишмоқда. Ушбу ҳамкорлик самараси ўлароқ айни пайтда Наманганда Россиянинг Урал давлат тиббиёт университети филиалини очиш устида иш олиб бораяпмиз.
Бугунги йирик халқаро анжуман ҳам мамлакатимиз тиббиёти ва фармацевтикасини ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.
Форум қатнашчиларини юртимизга ташрифлари билан чин дилдан муборакбод этаман. Ўз навбатида Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми юксак даражада ўтишига ишонаман. Ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамлансин, халқимизнинг тиббий хизматдан розилигига эришиш имкониятлари тобора кенгаяверсин!