Истиқлол айёми арафасида Наманган шаҳридаги "Афсоналар водийси" боғи очиқ театри саҳнасида "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Унга соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими вакиллари таклиф этилдилар.

Йиғилишни вилоят ҳокими, Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозоров кириш сўзи билан очиб, учрашув қатнашчиларини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги байрами билан қутлади. Мустақиллик йилларида босиб ўтилган шонли йўлга назар солди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими тизимлари олдида турган долзарб вазифаларга эътиборни қаратди.

Таъкидланишича, Наманган тиббиёт соҳаси ва фармацевтика саноати энг ривожланган вилоятлардан бирига айланиб бормоқда. Янгидан-янги замонавий тиббиёт муассасалари, фармацевтика корхоналари очилмоқда, хорижий инвесторларнинг вилоятимизга қизиқиши тобора ортиб бормоқда.

Вилоят раҳбари "ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуидаги Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форумининг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди. У Гуллар ўлкаси дея ном олган Наманганни тиббиёти ривожланган вилоятга айлантириш ғоясини ўртага ташлади. Шунингдек, фармацевтика соҳаси ҳам илдам ривожланаётганлиги қайд этилди. "Мерримед фарм", "Наманган фарм плант", "Камол мед"ларда ўнлаб турдаги фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган бўлса, "Косонсой фарм" эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиҳалар устида ишланмоқда.

Хайрулла Бозоров соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам белгилаб берди. Биринчидан, аҳолига, айниқса туманлар, чекка қишлоқларда яшовчиларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва малакасини тубдан яхшилаш зарур. Бунинг учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизими, туман марказий шифохоналарининг моддий-техник базаси ва малакали кадрлар билан таъминланиш даражасини ошириш талаб этилади.

Иккинчидан, тез тиббий ёрдам тизими ишини бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш ва ривожлантириш шарт. Шу билан бирга соҳага инновацияларни жадал татбиқ этиш лозим.

Учинчидан, оналик ва болалик муҳофазаси йўналишидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш, оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш керак. Шу ўринда айтиш керакки, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўригига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Оилада тинчлик-хотиржамлик бўлсагина онадан соғлом фарзанд туғилади.

Тўртинчидан, аҳолига кўрсатилаётган патронаж хизматини тубдан яхшилаш ва мазкур хизмат ходимлари масъулиятини ошириш шарт. Патронаж тизими ишини доимий назорат қилиш бўйича янги механизмни жорий этиш, айниқса УАШ патронажи ишини кучайтириш лозим.

Бешинчидан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш орқали касалликлар профилактикасини кучайтириш лозим.

Олтинчидан, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, илғор тажриба ва иш услубларини фаолиятда изчил қўллашни кучайтириш керак. Кўплаб шифокорларимиз хорижда малака ошириб қайтишяпти, энди бунинг натижадорлигини таъминлаш вазифаси долзарб бўлиб турибди. Ҳар бир шаҳар ва туман ҳокими ҳар ойда бир нафар шифокорни чет элга малака оширишга юбориши вазифа этиб белгиланди. Шу тариқа даволаш ишларини халқаро андозалар даражасига етказиш учун кенг имкониятларга эга бўлинади.

Йиғилиш якунида бир гуруҳ тиббиёт илғорлари рағбатлантирилиб, уларга вилоят ҳокимининг "Ташаккурнома"си ва эсдалик совғалари топширилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.