Яқинда тарқалган хушхабар юртимиздаги барча билимга чанқоқ ёшларни ғоят тўлқинлантириб юборди. Вилоятимиздаги нуфузли олий таълим даргоҳи - Наманган давлат университетида Россия Федерациясининг Свердловск вилоятидаги Урал давлат тиббиёт университети Наманган филиалининг очилиши кўплаб тиббиёт йўналишида ўқиш истагида бўлган ёшлар орзусини ушалтирди. Ҳар икки университет ўртасида малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Энди нафақат вилоятда, балки республикада шифокор ва фармацевт кадрлар етишмовчилигига барҳам берилиши шубҳасиз.
- Ҳозирда университетимизда Урал давлат тиббиёт университети билан қўшма дастур асосида 2019-2020 йил учун қабул жараёнлари қизғин кечяпти, - дейди қабул комиссияси раисининг қўшма дастурлар қабули бўйича муовини М. Қодирхонов. - Мазкур таълим йўналишлари бўйича республиканинг турли вилоятларидан келган абитуриентлардан ҳужжатларини қабул қилиш ва расмийлаштириш учун барча шароитлар муҳайё этилган.
Урал давлат тиббиёт университети билан қўшма фундаментал тиббиёт факультетига ҳужжат топшириш учун келган абитуриентларнинг биринчи галда рус тилини билиш даражаси аниқланяпти. Сўнгра муносиб ўқувчининг ҳужжатлари онлайн тарзида Урал давлат тиббиёт университетига жўнатиляпти.
- Қабул жараёнидаги абитуриентлар билан суҳбатдан хурсанд бўляпман, - дейди қабул комиссия аъзоси - Наманган давлат университетининг рус тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Азиза Мирзаназарова. - Чунки ёшларимиз рус тилида бемалол суҳбатлашяпти. Улар билимга чанқоқ, ақлли ва зийрак. Эртанги тиббиёт кадрларидан кўнглимизни тўқ қилсак ҳам бўлади. Бу ерда икки йил таҳсил олиб, кейин ўқишни Россияда давом эттиришлари уларни янада чиниқтиради, тоблайди ва малакаларини мукаммаллаштиради. Шуни мамнуният билан айтаманки, абитуриентлар нафақат водийдан, балки Бухоро, Навоий, Хоразм ва бошқа вилоятлар ёшлари ҳам келишиб, ҳужжат топширишяпти.
Дарҳақиқат, рус тилини билиш бўйича суҳбатдан ўтган абитуриентлар ўзлари хоҳлаган соҳалар - даволаш иши, педиатрия иши, стоматология ва фармацевтика йўналишларида ўқиш истагини билдиришяпти.
- Тиббиёт коллежини тамомлаганман, - дейди Нозима Шарифжонова. - НамДУда Россия олийгоҳи билан ҳамкорликдаги тиббиёт йўналишининг очилиши бизлар учун айни муддао бўлди. Даволаш иши йўналишига ҳужжат топширдим. Келгусида врачлар қаторига қўшилишни жуда-жуда хоҳлайман.
Албатта, ёшлар эртамиз эгалари. Умид қиламизки, Россия Федерациясининг Свердловск вилоятидаги Урал давлат тиббиёт университети Наманган филиалининг талабасига айланган келажагимиз ворислари тобора тараққий этаётган тиббиётнинг юқоридаги йўналишлари бўйича чуқур билимли ва мукаммал малакали кадрлар бўлиб етишишади. Эл-юрт саломатлигини сақлаш йўлида фидокорона хизмат қилишади.
Манзура ЭРГАШЕВА.