Наманганда кейинги ўн йилда кардиология хизмати жадал юқорилади. Пойтахтдаги олим-жарроҳлар томонидан уддаланаётган энг мураккаб операциялар Республикада биринчилардан бўлиб вилоятдаги изланувчан ва уддабурон кадрларга ишониб топширилди. Устозларидан илму амалиёт сабоғини пухта олаётган мутахассисларимиз бу борада қониқарли натижаларга эри­шишяпти.

Ҳозирда юрак қон-томир касалликлари, ўткир миокард инфаркти, юрак ишемик хасталиклари, артериал гипертония, юрак аритмияси, юрак ўтказувчанлиги мураккаб бузилишларида ҳамда туғма нуқсонларида энг юқори технологик диагностика ва даволаш амалиётлари дадил қўлланилмоқда. Булар ўз-ўзидан амалга оширилаётгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига биноан кардиология маркази ишини янада ривожлантириш учун 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Поликлиника ва шифохона бинолари сифатли реконструкциядан чиқарилди. Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг ташаббуси билан маҳаллий бюджетдан ҳам яна шунча маблағ йўналтирилди. 3 та операцион заллари, рентгенэндовас­куляр хирургия бўлимининг жароҳатсиз жарроҳликни бажарувчи хоналаригача энг замонавий йўсинда таъмирланди ва керакли жиҳозлар билан таъминланди.

Ҳозирда 1 нафар фан доктори, 3 нафар фан номзоди илмий изланишларини давом эттиришмоқда. Ҳар ҳафтанинг жума куни марказда соҳадаги долзарб вазифалар ва янгиликларга бағишланган конференция ташкилланади. Ойига бир бор туманларнинг кардиологлари марказга таклиф қилиниб, ўзига хос илмий-амалий анжуман ўтказишни анъанага айланган.

Энг муҳими, Россия, Польша, Ҳиндистон ва Қозоғистон давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз тобора фаоллашиб, мус­таҳкамланиб бормоқда. Дунёга таниқли кардиологлар келишиб, "Маҳорат дарслари" ўтказишяпти. Мутахассислар хорижий клиникалар ва тиббий марказларда малака ошириб қайтишяпти.

Содиқ САЙҲУН.