Ўзганбой РАҲМОНОВ,
вилоят перинатал маркази бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди
Марказимизнинг асосий мақсади юқори сифатли ва халқаро стандартлар даражасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга даъват этилган юқори технологияли моддий ва илмий базани, шунингдек, акушерлик-гинекология мактабини шакллантириш, аҳолини акушерлик-гинекология соҳасидаги диагностика - даволаш ва профилактика бўйича юқори технологияли тиббий ёрдамга бўлган талабни қондиришдан иборатдир. Бу борада 15 та бўлим фаолият олиб боради. Уларда ўз йўналиши бўйича юксак билим ва малакага эга бўлган ходимларимиз ишлашяпти. Айниқса, илмий салоҳиятли, билим ва тажрибани уйғунлаштириш қобилияти юқори врачларимиз алоҳида ўрин тутишарди. И. Муҳиддинова, Л. Абдуллаева ва М. Абдуллаева каби фан номзодлари ана шулар жумласидандир.
Биз янги инновацион технологияларни акушерликда қўллашда муайян натижаларга эришяпмиз. Яъни плацентани тўлиқ олдинда жойланишида 3 жуфт қон томирларни боғлаб, кейин плацентани чиқариш, атоник ва гипотоник қон кетишда орган сақловчи жарроҳликда 3 жуфт қон томирларни боғлаш, оғир преэклампсияда қон кетишнинг олдини олиш учун 3 жуфт қон томирларни боғлаш усулларини амалиётга тадбиқ этмоқдамиз. Шунингдек, оғир жигар цирроз, ўткир жигар гепатозлар ва бошқа оғир экстрагенитал касалликларда қорин бўшлиғидан асцетик суюқликни чиқариш мақсадида қорин бўшлиғини дренажлашда ПХВ найларни янгича усулда ўрнатяпмиз.
Гинекологияда ҳам янги технологиялар жорий қилинмоқда. Масалан, тотал лапаротом гистерэктомияни янги усулда бажариш, қин орқали гистерэктомия, консерватив миомэктомия, штурмдорф бўйича бачадон бўйни ампутацияси, келли операцияси, ректовагинал оқмани бартараф этиш, оралиқни 4 даражали йиртилишида тўғри ичак ва оралиқ платикасини бажариш дадил қўлланилмоқда.
2019 йилнинг 28 майида Россия давлати Екатеринбург шаҳар перинатал маркази билан телемост ташкилланди. Ҳозирда Наманган вилоятидан 4 нафар аёлда ўта асоратланган акушерлик, гинекологик ва экстрегенитал касаллиги бор аёлларда ЭКО (сунъий уруғлантириш) ўтказилди. Ҳозир улар назоратда туришибди. Келгусида марказимизда шундай муассасанинг филиалини очиш мўлжалланмоқда.
Албатта, ходимларимиз изланишдан асло тўхташмайди. Ёш мутахассисларимиздан Феруза Турдиева, Тошкент тиббиёт академияси акушер-гинекологи Д. Т. Қаюмова раҳбарлигида "Ҳомиладор аёлларда витамин Д етишмовчилигининг ҳомилага таъсири", Роҳатой Ишонова "Фарғона водийсида ревматизм билан ҳомиладорлиги асоратланган аёлларга климатометереологик омиллар таъсири" мавзуларида илмий-тадқиқотлар олиб боришяпти.