Абдумалик РАҲМОНОВ,
вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи
Марказимизда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил 10 июлдаги "Болаларга стационар шароитида тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 225-сонли буйруғига биноан 12 та даволаш бўлими ва 11 та ёрдамчи бўлим барпо этилди. Марказ биноларида 2013-2014 йиллар давомида Инвестиция дастури доирасида тўлиқ капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, марказимиз тамомила янгича, замонавий қиёфа касб этди.
Марказда айни вақтда давр талабларидан келиб чиқиб, инновациялар ва янги технологияли даволаш услубларини амалиётга тадбиқ этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Болалар жарроҳлиги бўлимида лапороскопик, кардиохирургик амалиётларни йўлга қўйиш, шунингдек, болалар пешоб чиқарув йўллари анамолиясини оператив даволашни йўлга қўйишда илмий ишлар олиб борилиб, врачлар томонидан "Болалар уретра орқа клапинини эрта ташхислаш ва жарроҳлик усулида даволашни такомиллаштириш" мавзусида докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди.
Германиянинг KFW банки билан молиявий ҳамкорлик алоқалари ўрнатиб, шу кунга қадар 41 турдаги 5 млрд.73 млн. сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар келтирилган.
Олиб келинган янги техника ва технологиялар ёрдамида касалликларни эрта ташхислаш, даволаш ишларимиз тубдан ўзгарди ва шу йилнинг ўзида юздан ортиқ юқори технологик амалиётлар бажарилди.
Келгусида Давлат дастурлари доирасида кардиохирургия йўналишида очиқ усулдаги амалиётларни ўтказиш ҳамда нейрохирургик ва неонатал хирургик амалиётларни замонавий усулда ташкил этиш ва такомиллаштириш истиқболли режаларимиздан ҳисобланади.
Вилоятимизда ўз ишини бошлайдиган Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми минтақамиз тиббиётчилари фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир. Биз ушбу анжуманда бир неча янги ғоялар ва амалиётлар билан танишамиз. Янги танишлар орттирамиз. Олиб бораётган ишларимиз йўналишини янада такомиллаштириш режаларини белгилаймиз.