дейди мамнуният билан вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси бош врачи Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
5 сентябрь куни эрталабдан руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ҳовлиси байрамона тусга кирди. Чунки бу ерда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоят якунига етказилди. Тақдимот маросида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов сўзга чиқиб, Республикамизда аҳолига психиатрия хизмати кўрсатишни янада яхшилаш учун Президентимиз қарорлари асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, соҳадаги ишларни давр талаблари даражасига кўтариш учун Ўзбекистон Республикаси Қонунларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида қисқача тўхталди. Жумладан, биргина Наманган вилоятида бунёдкорлик ишларига ажратилаётган катта миқдордаги маблағлар эвазига тиббий муассасаларнинг моддий-техника даражаси йилдан-йилга бойитилаётгани, ички шарт-шароитлари мукаммаллашиб, ташқи қиёфаси ғоят чиройли тусга кириб бораётганини мамнуният билан тилга олди. Тиббиётчиларни беморларни сидқидилдан даволаб, уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун бор билим ва касб маҳоратларини ҳеч аямай сарфлашга даъват этди.
Тантанада меҳнат фахрийси Абдувоҳид ота Қодиров тўлқинланиб гапирдилар. Шу масканда ишлаб, пенсияга кузатилганлари учун ўзгаришларга холисона баҳо бердилар. Шифохонанинг илгариги ҳолати билан бугунгисини таққослаб, ер билан осмонча фарқ қилишини алоҳида таъкидладилар. Кеча-кундуз тиним билмай беморларни даволаётган шифокорлар шаънига олқишлар ёғдирдилар. Уларни бундан-да яхшироқ фаолият юритишларига ишонч изҳорладилар.
Шундан кейин тантанага ташриф буюрган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари мактаб ва боғча ўқувчи ҳамда тарбияланувчиларининг қувноқ рақсларига уйғунлашиб кетди.
Барча меҳмонлар қатори кекса отахонларгача янги қурилган ва таъмирланган бўлимлар билан танишишди. Улар давлатимиз томонидан психиатрия хизмати учун муҳайё этилаётган бундай беқиёс шароитларни кўришиб, истиқлолли юртимизнинг порлоқ истиқболига сира-сира кўз тегмасин дея дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, бу ерда 2016 йилдан бери бунёдкорлик ишларига катта маблағлар йўналтирилди. Жорий йилнинг ўзида салкам 8 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиб, умумий овқатланиш хонаси реконструкция қилинди. 9х12 метр узунликдаги янги бино қурилди. 70 ўринга мўлжалланган икки қаватли даволаш биноси реконструкция қилинди. Кўплаб иншоотларни таъмирлаш, қўшимча бинолар қуриш ва ободонлаштириш амалга оширилди. Қисқаси, мазкур шифохонани қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш учун жами 16 миллиард сўмга яқин бюджет маблағи йўналтирилди. Албатта, бундан буён шифохона жамоаси ўзига юклатилган вазифаларни юксак талабларга мувофиқ бажаришга доимо чуқур масъулият билан ёндошиб, беморларга меҳр-оқибатларини янада зиёда қилишга интилаверади.
Ўз мухбиримиз