Назиржон ДАВЛАТОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
лицензиялаш ва аккредитациялаш бўлими бош мутахассиси
Истиқлол ислоҳотлари шарофати билан шифокорлар фаолиятининг кўлами ҳам, имконияти ҳам кенгайди. Улар агар исташса, ўзларининг хусусий даволаш-профилактика муассасаларини очиб ишлаш ҳуқуқига эга бўлдилар. Президентимиз бу борада қарорлар чиқариб, ҳуқуқий кафолатларни яратиб бердилар. Шунинг учун тиббиётдаги хусусий сектор йил сайин ривожланиб бормоқда.
Кейинги икки ярим йил ичида хусусий муассасаларимиз 70 тага кўпайди. Уларнинг сони 351 тага етди. Яна бир эътиборли жиҳати уларнинг фаолият доираси янги-янги тиббий ихтисослашган турлар ҳисобига кенгаймоқда.
2019 йил бошида хусусий тиббиёт бўйича амалга оширилиши лозим бўлган 45 та лойиҳа белгиланган эди. Шундан 25 тасини янги ташкиллаш, 20 тасида хизмат турларини кўпайтириш кўзда тутилганди. Шуниси қувончлики, саккиз ой ичида эзгу мақсадлар йўлида дадил қадамлар ташланди. Янги муассасалар ташкил этиш режаси икки бараварга яқин қилиб бажарилди. Янаям аниғи, 40 та хусусий тиббиёт ташкилоти очилди. Фаолият турларини кўпайтираётган муассасаларнинг иши эса янада юришиб кетди.
Айни маҳалда 4 та тадбиркорлик субъектига қурилиш учун ер майдони ажратилди. Лойиҳаларнинг 3 тасига хорижий инвестиция жалб этилди.
Бундай эзгу ишларнинг яна бир аҳамиятли томони тиббиёт мутахассислари бандлигини таъминлаш масаласининг ижобий ҳал этилишида кўринади, албатта. Йил давомида 567 та янги ишчи ўринлари вужудга келтирилди. 159 нафар врач ҳамда 216 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, 173 нафар бошқа соҳа вакиллари ишли бўлишди.
Бугун бемалол айта оламизки, хусусий тармоқдаги врач, ҳамшира ва фельдшерларимиз давлат муассасаларида хизмат қилаётган ҳамкасблардан билим ва малакада асло ортда қолишмайди. Улар диагностика ва даволашдаги натижадорлик кўрсаткичини тобора кўтаришмоқда. Ҳатто, нейрохирургия, абдоминал ва лапараскопик хирургия, болалар хирургияси, травматология, ортопедия, эндокринология сингари янги йўналишларда жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли уддалашаётир.
Шифокорларимиз ҳадемай жаҳоннинг илғор мамлакатлари мутахассисларига тенглашадиган мақомга эришишларига ишончимиз комил. Негаки, ўзбек врачлари тиббиётнинг буюк бобокалони Абу Али ибн Синонинг авлоди, вориси деган шарафли номни оқлашга муносиб бўла олишга ҳар жиҳатдан қодирдирлар.