Ота-боболаримиздан мерос удумларни улуғлаб, қадриятларни қадрлаб келаётган чодакликлар "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да ҳайрли ишга қўл уришди.

Ўтган асрнинг 70-йилларида бунёд этилган, ҳозирда эскириб, яроқсиз холатга келиб қолган Поп туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимининг Чодак шоҳобчаси биноси ҳашарчилар меҳнати билан қайтадан чирой очди. Дарҳақиқат, 150 миллион сўм маблағ сарфланган бино бутунлай замонавий қиёфа касб этиб, барча шароитлар муҳайёланди.

Мустақилликнинг 28 йиллик айёми чоғида ҳамқишлоқлар реконструкциядан чиққан бинонинг очилиш тантанасига тўпланишди.

Маросимда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, олийжаноб ва олийҳиммат қишлоқ аҳлининг бундай ҳайрли ишлари ҳар қандай таҳсинга сазовор эканлигини мамнуният билан таъкидлади. Инсон саломатлиги муҳофазаси учун, ҳудуддаги барча хонадонларга ўзларининг беминнат кўмаклари билан кириб бораётган соғлиқни сақлаш ходимлари, яъни тез ёрдамчиларга қулай шароит ва имконият яратиб берган бунёдкорларга алоҳида миннатдорлик изҳор қилди. Шунингдек, ҳашарда ташаббус кўрсатган меҳнат фаҳрийлари - Боқижон Мирзаабдуллаев ва Исмонжон Исординовларга қимматбаҳо сов­ғаларини топширди. Ҳар икки отахонга саломатликларини тиклашлари учун "Чимён" сиҳатгоҳига бепул йўлланмаларни тақдим этди.

- Ҳақиқатдан ҳам 14 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатадиган Чодак тез ёрдам шоҳобчаси биноси авария ҳолатига келиб қолган эди. Қишлоқ оқсоқолларининг ташаббусини қўллаб-қуватладик. Биз ҳам ғишт, цемент, арматура, иссиқ сув, совуқ сув тизимларини янгилашга баҳоли қудрат ёрдам бердик. Шунингдек, 18 миллион сўмлик тиббий жиҳозлар билан таъминладик, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Рустамжон Раҳматуллаев.

Энди "Чодак-1" ва "Чодак-2" ҳудудлари аҳолисига хизмат кўрсатаётган тез тиббий ёрдам станциясининг 9 нафар врачи ҳамда 24 нафар ўрта тиббиёт ходими яратилган қулай шароит ва яхши имкониятларга жавобан зиммаларидаги вазифаларини ғоят масъулият билан сидқидилдан бажаришади. Тунлари бедор ва ҳамиша ҳушёр туриб, чақирувларга "лаббай" дея жавоб беришади. Энг муҳими, биринчи тиббий ёрдамни асло кечиктирмай, чодакликларнинг саломатлигини сақлашга бўлган ғамхўрликни янада юксак талаблар даражасига кўтаришаверади.

Манзура ЭРГАШЕВА.