Анжуман олдидан бўлиб ўтган тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов соғлиқни сақлаш тизимидаги янгиланишлар жараёнида бу каби ўқувларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади. Семинар юзасидан вилоятимизга ташриф буюрган шотландиялик халқаро эксперт Мораг Маккаромик хонимнинг ҳамширалик ишини юксалтиришдаги фаолиятига юқори баҳо берди.
Ўқув семинари икки кун давом этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари мазкур лойиҳа бўйича тайёрланган тренерлар Абдулазиз Ўрмонов ва Шерзод Ғиёсовларнинг "Кўп учрайдиган юқумсиз касалликлар бўйича ҳамширалик протоколларини амалиётда қўллаш"га оид маъруза ва чиқишларини кузатиб боришди. Анжуман қатнашчилари эса мавзуга тааллуқли билим ва кўникмаларини мустаҳкамладилар.
- Пойтахтда ўтказилган семинар-тренинглар чоғида малака тўплаган тренерларимиз каскад усулида иш олиб бормоқдалар, -дейди бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова. -Провардида ҳамшираларимиз ишдан ажралмаган ҳолда маҳоратларини оширишга муваффақ бўлишяпти. Бу эса вақтни тежаш ва таълим самарадорлигини ўстириш имконини бераётир.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагидаги ҳамшираларнинг узлуксиз таълими вилоятимизнинг барча туманлар тиббиёт бирлашмаларида, Наманган шаҳар оилавий поликлиникаларида жорий қилинган.