дейди Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси раиси

Шаҳноза КИМЁНАЗАРОВА

Туманимизда соҳасини чуқур ўрганиб, янгилик қилиш мумкин эмасдек туюладиган йўналишда ҳам республика миқёсида эътироф этишга лойиқ ишлар қилаётган мутасаддилар ўнларча. Шундайлардан бири - Шаҳноза Кимёназарованинг туман тиббиёт бирлашмаси тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси раиси этиб  тайинланганига эндигина 3 йил бўлди. Тиниб-тинчимас, масъулиятли, ўрганишдан эринмайдиган Шаҳнозагача ушбу лавозим эгаси бирлашма ходимлари назарида санаторийларга йўлланма берадиган, тадбирларда совға тарқатадиган оддийгина ташкилот раҳбари эди. Ҳозир уларнинг фикр­лари бутунлай бошқача. Чунки янги раис вазифасига тайинланиши билан туну кун ўқиди, қонунларни деярли ёдлаб олди. Соҳадаги барчани ўзига устоз, деб билди. Зулайҳо Маҳкамова, Аббосхон Мамадалиев сингари эл назарига тушган раҳбарлар фаолиятидан андоза олди. Бошқа туманларга  бориб иш ўрганиш асносида уларда кузатилган камчиликларни ўзида бартараф этди ва пировардида, Тўрақўрғон туманини бу борада   биринчи ўринга олиб чиқишга ҳаракат қилиб, мақсадига эришди, ниҳоят.

Бугун Ш. Кимёназарова туман тиббиёт ходимларининг чинакам ҳимоячисига айланган. Бежизга уни кўпчилик "юрист опа" дея атамайди.  Чунки у аввало, 30 йил давомида шаҳодатлашсиз ишлаган тизимни шаҳодатлашга киришди. Лозим бўлса, суд мажлисларида ходимларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилди. "Тиббиёт  ходими нега ўзи шу тизимда ишлаб туриб тиббий кўрикдан пулли тарзда ўтиши керак?", куюнарди у. Пировардида, унинг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 214-моддаси талаблари бажарила бошлади - иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси келишуви асосида ходимларнинг даврий тиббий кўрикдан бепул ўтиши йўлга қўйилди.

- Бундан ташқари, раҳбаримиз саъй-ҳаракати билан кичик тиббий ходимлар ижтимоий ҳимояси кучайтирилди, - қўшимча қилади уюшма ходими Гулчеҳра Дўстматова. - Жорий йил июль ойидан гигиеник таълимга (санминимум) бепул ўқитила бошлаши ҳам  уларга анча енгиллик бўлди. Ўзбекистон бўйлаб бепул саёҳатларга ҳам айнан шу касб эгалари юборилаётгани замиридаям маоши озроқ касб эгаларини рағбатлантириш ётибди.

Эътиборли жиҳатлардан яна бири - 2017-2019 йиллар давомида тиббиёт бирлашмасида иш ўринлари ва меҳнат шароитлари шаҳодатланганидир. Натижада юқумли касалликлар бўлимидан 14 нафар, силга қарши кураш диспансеридан 2 нафар ходим имтиёзли равишда пенсияга кузатилди. Тиниб-тинчимас раиси эндиликда жонлантириш бўлими ходимларининг ҳам ана шундай имтиёзлардан фойдаланишлари чораларини кўрмоқда.

Ш. Кимёназарова ишлайдиган муассаса ходимларига соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга муваффақ бўлгани туфайли бир неча бор туман, вилоят ва республика миқёсида тақдирланди. Жумладан,  апрель ойида республика, июль ойида вилоят миқёсида намунали иш ташкиллагани учун рағбатлантирилди.

Шу йилнинг 15 август куни Республика касаба уюшмалари федерациясида тармоқ ташкилотлари ўртасидаги кўрик-танлов ғолибларини рағбатлантириш тантанаси ташкилланди. Унда Тўрақўрғон туман тиббиёт ходимлари касаба уюшма ташкилоти қўш Диплом билан тақдирланди. Яъни «Энг яхши бошланғич ташкилот» ва «Жамоатчилик асосида меҳнат муҳофазаси бўйича энг яхши иш ташкиллаган касаба уюшма» сифатида эътироф этилди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Шаҳноза эришганлари билан чеклангани йўқ. Изланишда давом этяпти. Турли саналар муносабати билан ўтказилаётган байрамлар, кўрик-танловларга ҳам унинг ғоялари билан ўзгача руҳ кирган. Эндиги режаси ўрта тиббиёт ходимлари мавқеини олий маълумотлиларники билан  тенглаштиришдир. Унинг фикрича, асосий амалий меҳнатни  қилаётган малакали, фидойи ходимлар ана шундай даражага муносибдир.

Айни кунда уюшма аъзолари сонининг 3000 нафардан ошишига муваффақ бўлган Ш. Кимёназарова нодавлат муассасаларни-да ташкилот қамровига олишга эришган. Йил сайин ташкилот аъзолари сони кўпа­йиб бормоқда. Бу, ижтимоий ҳимояланадиган, қўллаб-қувватланадиган тиббиёт ходимлари сафи кенгаяди, дегани. Камтарин қаҳрамонимиз эса ютуқларнинг ҳеч бирини ўзи билан боғламайди.

- Ўқидим, интилдим ва изланяпман. Ўрганганларим асосида қонун доирасида иш юритяпман. Ютуғимиз касаба уюшма қўмитаси ишини кўрсата билганимизда, холос, - дея камтарлик қилади у.

Оз фурсатда шунча муваффақиятларга эришган Ш. Кимёназаровага ҳамкасбларингиз ҳуқуқини ҳимоя қилишдан чарчаманг, изланиб янгиликлар қилишдан тўхтаманг, деб қоламиз.

Назокат БАҲОДИРОВА.