Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида хусусий тиббиёт муассасаларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унга вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат тиббиёт ташкилотлари раҳбар ва мутахассислари,шунингдек, банклар ҳамда тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар мутахассислари таклиф этилди.
Йиғилишни вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси масъул ходими Бобуржон Саидбеков давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан тиббиёт соҳасида кечаётган ислоҳотлар жараёнида хусусий сектор ҳам жадал равнақ топиб бораётганлигини алоҳида таъкидлади. Бинобарин, кейинги йилларда қабул қилинган Президент қарорлари ижроси самараси ўлароқ нодавлат тиббиёт муассасалари изчил қўллаб-қувватланмоқда, уларнинг имкониятлари кенгайтирилмоқда, хусусан хизмат кўрсатиш даражаси юксалтирилмоқда.
Бунинг натижасида соҳа жадал ривожланиб, унинг-моддий-техник базаси такомиллашяпти. Эндиликда, кўплаб нодавлат тиббиёт масканларининг довруғи мамлакатимиздан ташқарига ҳам ёйилмоқда, ҳатто хорижлик мутахассислар юртимиздаги клиникаларда хизмат кўрсатишмоқда. Буни Наманган вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. "Oydin shifo", "АNAMED", "ДOKTOR-А", "Sаydana" каби хусусий даволаш-диагностика муассасаларида хизмат кўрсатиш даражаси юқорилиги ҳақиқатдир.
Хусусий тиббиётни янада жадал ривожлантириш учун яна нималар қилмоқ керак ёхуд фаолиятни изчил тараққий эттиришга нималар тўғаноқ бўляпти? Банк кредитлари олишда ёки маҳаллий ҳокимликлар томонидан ер ажратишда қандай қийинчиликлар мавжуд? Йиғилишда ана шу саволларга жавоб изланди. Тиббиёт соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ишбилармонларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутилди.
Очиқ мулоқот чоғида Чортоқ туманида жойлашган "Турсунмурод сиҳатгоҳи" МЧЖ вакили Элмурод Турсунов, Норин туманидаги "Қаноатгул" хусусий корхонаси раҳбари Қаноат Қодировалар фаолиятни кенгайтириш учун имтиёзли кредит олиш юзасидан мурожаат билан чиқишди. "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси Наманган шаҳар филиали бош мутахассиси Мубошер Ғаффаров уларнинг талаблари юзасидан батафсил тушунча берди. Улар томонидан кўтарилган масалалар жойида ҳал этилди. Бошқа таклиф ва мулоҳазаларга ҳам тўлақонли жавоб қайтарилди. Савол-жавоблар чоғида кўплаб масалаларга ойдинлик киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2863 ва "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги ПҚ-3450-сонли қарорлари ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар юзасидан сўзга чиқди. У нодавлат тиббиёт муассасалари раҳбарларини мазкур ҳужжатларда қайд этилган хизмат кўрсатишнинг янгидан-янги йўналишларини татбиқ этиш билан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўламини янада равнақ топтириш зарурлигини уқтирди.
Йиғилишда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров иштирок этди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.