Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг қурилиш ва таъмирлаш, эксплуатация ишларини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Аслиддин РАҲМОНОВ билан суҳбатлашдик.

- Ёзнинг ўта ҳароратли кунлари ҳам ўтиб, ҳаво бирмунча меъёрлашиб қолди. Ҳадемай кузнинг ёмғирли, қишнинг қорли-қировли кунлари ҳам бошланади. Вилоят соғ­лиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида куз-қиш мавсумини кўнгилли ўтказиш учун қандай тараддуд кўрилмоқда?

- Бу йилги куз-қиш мавсуми беталофат ўтиши учун мавжуд шароит ва ҳолатларни атрофлича ўрганиб, тегишли хулосалар чиқариб, қилиниши зарур ишлар режасини аниқ белгилаб олганмиз. Жумладан, давлатимиз томонидан бу соҳага 7 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 14400 тонна кўмир ва кўмир-брикет маҳсулотлари жам­ғариш учун 5 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланиши керак.

Ҳозир шифохоналардаги маънавий эскирган иситиш қозонларини алмаштириш чоралари кўриляпти. Айни пайтда барча қозонларни назоратдан ўтказиб, 39 тасини янгилаш учун 1 миллиард 57 миллион сўм маблағ сарфлашни режалаштирдик. Бугунгача улардан 25 таси алмаштириб бўлинди.

Бундан ташқари, Инвестиция дастурига мувофиқ реконструкция ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган 10 та даволаш-профилактика муассасаларида ҳамда "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида янгиланаётган тиббиёт муассасаларидан 12 тасидаги иситиш қозонлари ҳам бирваракайига кузги-қишки мавсумга шай ҳолатга келтирилади.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан реконс­трукция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 3 та шаҳар оилавий, 8 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 14 та қишлоқ врачлик пунктларида ҳам иситиш қозонлари ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, 13 та даволаш-профилактика муассасаларига 259,5 тонна суюқ печ ёқил­ғиси ажратилган бўлиб, ҳозир заҳира қилинмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги 24 та вилоят муассасалари ҳамда шаҳар, туман тиббиёт муасасаларидаги 33 та электр токи ишлаб чиқарувчи генераторлар ҳам соз ҳолатга келтирилди.

Яна шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, барча муассасалар иситиш қувурларининг 17,0 километри жорий таъмирдан чиқарилди. Ичимлик сув қувурлари тармоғининг бир қисми тузатилди. Газ узатиш тармоқлари, қозонхоналарнинг 35 тасидан 20 таси тўла таъмирланди. Шунингдек, юмшоқ қопламали ва шиферли томлар, эшик ва деразалар, ойналар янгиланмоқда.

М. АКМАЛОВ

ёзиб олди.