Ўтаётган ҳар бир кун улуғ айём - давлатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги байрами сари яқинлаштирмоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам турли байрамолди тадбирлари ташкил этилмоқда.
Бинобарин, вилоятимиз марказидаги сўлим гўша - Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида кечган " Биз - ОИВ инфекциясига қаршимиз, соғлом турмуш тарафдоримиз" шиори остидаги бадиий-компазицион, тиббий акция ҳамюртларимизнинг руҳиятини кўтарибгина қолмасдан, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш сари қўйилган муҳим қадам бўлди.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, акцияга ҳар томонлама пухта тараддуд кўрилди. Боғ марказий майдони узра палаткалар тикилди, саҳналар безатилди, кўргазмали тарғибот-ташвиқот воситалари илинди, "Мобил поликлиника" автобуси, рентген автомобили саф тортди. Наманган шаҳридаги поликлиникалар ва вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг энг тажрибали шифокору мутахассислари тадбирга жалб этилди.
Акциянинг очилиши ҳам тантанавор тус олди. Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Раҳмонжон Абдуллаев кириш сўзида мазкур тадбирнинг мақсади ва ўтказилиш тартиблари билан таништирди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировлар мамлакатимизда рўй бераётган буюк ўзгаришлар, тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида фикр юритар эканлар, халқ саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва инсониятни жиддий ташвишга солаётган ОИВ инфекциясининг олдини олишда бундай тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Дастурга бадиий-компазицион тадбирлар, спортчиларнинг чиқишлари ҳам киритилган эди. Шу боис куй-қўшиқлар янгради. Мамлакатимиз, қитъамиз ва жаҳон ареналарида ўз маҳоратларини намойиш этиб, шода-шода медалларни қўлга киритган бир гуруҳ ёшлар саҳнада нималарга қодир эканликларини намоён қилдилар.
Боғнинг соя-салқин ҳудудида жойлашган "Тиббиёт майдони" ҳар қачонгидан гавжумлашди. Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва оилавий поликлиникаларнинг шифокорлари ўнлаб соҳалар бўйича тиббий жараёнларга киришишди. Аҳоли кардиолог, эндокринолог, гинеколог, жарроҳ, терапевт, онколог, окулист, педиатрлар иштирокидаги тиббий кўриклардан ўтказилди. УЗИ, рентген, кўз касалликлари диагностикаси, шунингдек, ОИВ инфекциясига қарши тезкор тест воситасида тиббий текширувлар олиб борилди.
Шу кунлари боғда тиббий тарғибот ишлари ҳам кучайтирилди. Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази врач-эпидемологи Мансуржон Позилов аср вабосига айланган хавфли хасталик ҳақида маъруза ўқиди. Йиғилганларни касаллик хавфидан огоҳ этди. Соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, тиббий маданиятни юксалтириш бўйича тарғибот тадбирлари ҳам бўлиб ўтди. Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази вилоят ҳамда туманлар бўлинмалари ходимлари давра суҳбатлари ташкиллашди, тасвирий тарғибот ва тарқатма материаллар воситасида акция қатнашчиларини ОИТС ва бошқа касалликлардан сақланишга ундадилар. Эрталаб кўпкишилик жисмоний тарбия машқлари уюштирилиб, спорт-соғломлаштириш ишлари саломатликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили эканлиги тарғиб қилинди.
- Акцияни ташкил этишдан мақсад - аввало, юртдошларимизни хафли касаллик бўйича тушунчаларини бойитиш ва ундан эҳтиёт бўлишга одатлантириш эди. Шунингдек, одамларнинг ўз саломатликларига нисбатан масъулият ҳиссини уйғотиш ва тиббиётимизнинг бугунги имкониятларидан фойдаланган ҳолда тиббий текширувларга ундаш эди. Режамиз ижобий самара берди.Биринчи куниёқ 1700 нафардан зиёд фуқаро тиббий кўрикдан ўтиб,шифокорлар маслаҳатидан баҳраманд бўлди, - дейди вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Р.Абдуллаев.
Акция ниҳоясида тақдирлаш маросими ўтказилди.Унда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокиржон Қорабоев, Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокори Мушарраф Собировалар сўзга чиқиб, эзгу ниятда амалга оширилган тиббий тадбирнинг самараси ҳақида тўхталдилар. Бир гуруҳ шифокор ва мутахассислар рағбатлантирилди.
Қисқаси, акция муваффақиятли амалга оширилиб, одамларнинг ОИТС балосидан сақланиш ҳақидаги тасаввурлари яна бойиди. Улуғ неъмат - ҳаётнинг қадрига етиш, узоқ умр кўришнинг муҳим шарти саломатликни асраш барчанинг турмуш тарзига айланиши зарурлигини одамлар англаб етишди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.