Наманган шаҳридаги "Сайҳун" меҳмонхонасида "Бола соғлиғи, хусусан иммунизация масалаларини ОАВларда ёритиш" мавзусида тренинг ўтказилди. Тадбир ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоятимиз газета ва журналларида, телевидение ва радио ҳамда ижтимоий тармоқларда фаолият олиб бораётган журналист ва блогерлар иштирок этишди.

Тадбирни ўқув тренери, филология фанлари номзоди, доцент Наргис Қосимова бошқарди. Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази иммунология бўлими мудири Шерзод Латибжонов "Вакцинация ва унинг бола соғ­лиғига ижобий таъсири" мавзусида маъруза қилди. Нотиқнинг таъкидлашича, республикамизда юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги таъминланмоқда. Жумладан, карантин ва ўта юқумли касалликлар, полиомиелит, дифтерия, қоқшол касалликлари қатор йиллар давомида қайд этилмаяпти. Бу - Миллий иммунизация дастури доирасидаги саъй-ҳаракатлар натижасидир. Шундай бўлсада иммунопрофилактика соҳасидаги ишларни янада кучайтириш ғоят муҳим. Бинобарин, омманинг тушунчасини бойитиш, айниқса ота-оналарнинг эмлашга бўлган масъулиятини ошириш зарур.

Тренингда бу борада ОАВлар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлигига урғу берилиб, журналист ва блогерлар вакцинация ва унинг бола соғлиғига ижобий таъсири, болаларни эмлаш мавзусини ёритишнинг замонавий усулларидан бохабар этилиб, болалар саломатлиги масаласи бўйича ОАВлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллардаги айрим стереотипларни аниқлаш ва уларни бузишга доир билим ва салоҳиятни ошириш бўйича машғулотлар олиб борилди.

Анжуман қизиқарли ва ишчан тарзда ўтди. Қатнашчилар иммунизация бўйича тўлақонли маълумотга эга бўлдилар.