Истиқлолнинг йигирма саккиз йиллиги олдидан мамлакатимизда ана шу шиор остида ноинфекцион касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаолликни ошириш мақсадида ойлик эълон қилинган. Вилоятимизда ҳам ойлик доирасида турли спорт-соғломлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Ўтган шанба ташкилланган "Биз - соғлом турмуш тарзини танлаймиз!" шиори остидаги "Оммавий юриш куни" ва "Саломатлик стартлари" тадбирларида аҳолининг кенг иштироки таъминланди.
Наманган шаҳридаги саломатликка ундовчи жараёнлар Халқаро аэропорт йўли атрофида кечди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова акциянинг очилишида сўзга чиқиб, инсон саломатлигини мустаҳкамлашда соғлом турмуш кечиришнинг ва жисмоний фаолликнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади. Шундан кейин оммавий юриш бошланди. Унда шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Наманган шаҳридаги ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасалари ходимлари жонбозлик кўрсатдилар. 5 километрдан ортиқ масофа яёв, саломатлик тарғиботига оид чақириқлар билан босиб ўтилди. Минглаб кишилар, айниқса аёллар соғлиқларини мустаҳкамлаш сари дадил қадам ташлашди.
- Соғлом турмуш тарзига чорловчи тадбирларимиз ҳафтанинг белгиланган кунлари изчил давом эттирилмоқда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими мутахассиси Дилором Маматхонова. - Сешанба куни "Саломатлик майдончаси", чоршанбада "Биз - тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз", жумада "Соғлом овқатланиш ярмаркаси" каби тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шундай қилиб оммавий тадбир чоғида ҳар қачонгидан ҳам уюшқоқликка эришилди. Барча туманлардаги сайлгоҳ ва ўйингоҳлар одамлар билан гавжумлашди. Бу тиббий ва спорт-соғломлаштириш талаблари юртдошларимизнинг кундалик одатига айланиб бораётганлигидан далолатдир.
Ғ. АБДУЛЛАЕВ.