Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуасида "Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш" мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Конференция Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилди. Унда Миллий палатанинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда вилоятимиз тиббиёт жамоатчилиги вакиллари қатнашдилар.
Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов кириш сўзи билан очди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изомов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вужудга келган миллий палатанинг бир йил давомида амалга оширган ишлари ва келгусидаги режалари ҳусусида маъруза қилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари тўғрисида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов мулоҳаза юритди.
Тиббиёт фанлари доктори, "Oydin shifo" шифохонаси раҳбари Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев, "Doktor-А" диагностика маркази бош шифокори Маъмуржон Охунов, "АNАМЕD" диагностика марказида фаолият олиб бораётган ҳиндистонлик доктор Парамжит Сингх, "Saydana" тиббиёт маркази бош шифокори Бахтиёр Жўраев ва бошқаларнинг чиқишларида соҳада татбиқ қилинаётган янги технологиялар, тиббиёт ҳамда фармацевтика саноатининг истиқболи билан боғлиқ вазифаларга эътибор қаратилди.
- Бугунги анжуман таассуротларга ғоят бой бўлди. Соҳада кечаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш юзасидан тушунчаларимизни бойитдик. Фаолиятимизда Наманган тажрибасини изчил қўллашга ҳаракат қиламиз, - дейди Миллий палата Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси раиси Мурод Самадов.
Илмий-амалий конференция ишида Туркиядан келган бир гуруҳ ишбилармонлар ҳам қатнашиб, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги ривожи ва келажаги ҳақидаги тасаввурларини бойитдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.