Аввал хабар қилганимиздек, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишлаб, "Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!" шиори остида тиббий тадбирлар ташкил этиляпти.

 

Ушбу жараён вилоятимизда ҳам зўр уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида кечаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар нафақат маҳаллий шифокорлар, балки пойтахтимиздаги нуфузли тиббиёт марказларининг етакчи врач ва мутахассислари томонидан амалга оширилаётганлиги эътиборга моликдир.

 

Акциянинг дастабки ҳафтасида Республика ихтисослаштирилган дермато-венералогия ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази вакиллари иш олиб боришган бўлса, ўтган ҳафтада эса академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази таниқли олим шифокорлари беморларни қабул қилишди.

 

Вилоятимизнинг чекка қишлоқлари аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш учун офтальмолог, кардиолог, жарроҳ, невропатолог, эндо­кринолог, терапевт, уролог, педиатр, акушер-гинеколог, окулист ва дерматовенеролог каби мутахассислар ҳам сафарбар этилган. "Мобил поликлиника" таркибидаги вилоятимиз тиббиёт марказлари вакилларидан иборат шифокорлар гуруҳи куни кеча Поп туманидаги тоғолди Чодак қишлоғи аҳолисига хизмат кўрсатди.

 

- Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида юз нафардан зиёд фуқарода турли касалликлар бошлан­ғич даврида аниқланди. Уларни зудлик билан даволаш чоралари кўрилмоқда, - дейди Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Фарида Умарова.

Малакали мутахассислар иштирокида олиб борилаётган тиббий тадбирлар шу ой охиригача давом этади.