Мустақиллик айёми арафасида Наманган шаҳрида яна бир профилактика муассасаси очилди. "Immunitet" - оилавий тиббиёт маркази аҳолига хизмат кўрсата бошлади.
Юқумли касалликларнинг олдини олишнинг асосий йўналишларидан бири - профилактик эмлашдир. Республикамизда 16 ёшгача бўлган болалар Миллий эмлаш тавқимига мувофиқ 12 турдаги бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши бепул эмлаб келинмоқда. Жорий йилнинг ноябридан бошлаб мазкур хайрли ишлар доираси кенгайиб, инсондаги попилома вирусига қарши вакцинани қўллашга киришилади. Яқин келажакда соғлиқни сақлаш амалиётига бошқа бир қатор янги вакциналар киритиладики, бунинг натижаси ўлароқ миллионлаб инсонларнинг умри узайтирилади.
Янги тиббиёт маркази мазкур йўналишдаги фаолиятни самарали ташкил этишга кўмаклашиши шубҳасиз. Унинг тақдимот маросимида сўзга чиққан "Immunitet" - оилавий тиббиёт маркази директори Фарҳод Саидов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ва бошқалар аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, айниқса иммунопрофилактика борасидаги изчил тадбирларнинг аҳамияти хусусида батафсил тўхталиб ўтишди.
- Ҳозирги кунда аксарият юқумли касалликларнинг олдини олишда иммунопрофилактика муҳим аҳамият касб этади, - дейди вилоят давлат санитария -эпидемиология назорати маркази бўлим мудири Шерзод Латифжонов. - Жаҳон миқёсида 40 дан зиёд юқумли касалликка қарши иммунизация воситасида кураш олиб борилмоқда. Вилоятимизда бу мақсадга қаратилган ишлар кўламини оширишга "Immunitet" - оилавий тиббиёт маркази каби нодавлат тиббиёт муассасалари ҳам муносиб ҳиссаларини қўшишларига ишончимиз комил.
Янги тиббиёт маскани кўп тармоқли бўлиб, унда нафақат болалар ва катта ёшдаги кишилар эмланади, балки қатор ихтисосликдаги мутахассислар қабул ўтказиб, ҳар хил хасталиклар бўйича маслаҳатлар беришади. Лаборатория таҳлиллари ва замонавий тиббиёт аппаратлари воситасидаги тиббий кўриклар орқали эса касалликларга ташхис қўйилади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, мазкур марказга 2014 йилда асос солинган. Ҳозирга қадар унинг Фарғона ва Андижон шаҳарларида филиаллари фаолият кўрсатаётган эди.