Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4063-сонли қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.
Унга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассислари, шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бош ҳамширалари, ҚОП ва ОПлар бўйича координаторлари, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази бўлинмалари мудирлари таклиф этилди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими Елена Цой, вилоят эндокринология диспансери бош шифокори Муҳаммаджон Ваққосов, ВССБ бош бош ҳамшираси Райҳона Мансурова, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази Тўрақўрғон тумани бўлинмаси мудири Носирхон Абдуллаевлар сўзга чиқишди.
Таъкидландики, бугунги кунда барча соҳалар қатори тиббиётда ҳам изчил ислоҳотлар жараёни бормоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ходимлари олдига қўйилаётган вазифалар қаторида юқумсиз касалликларни камайтириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш ва юртдошларимизнинг жисмоний фаоллигини ошириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Бунинг учун алоҳида концепция ҳам ишлаб чиқилган. Айни пайтда мазкур ҳужжатда қайд этилган вазифалар ижросига астойдил киришилган. Бинобарин, йил бошиданоқ фуқаролар турли спорт-соғломлаштириш, соғлом овқатланишни ташкил этишга йўналтирилган тадбирларига мунтазам ва оммавий равишда жалб этилаётганлиги ҳам бежиз эмас.
Анжуманда тиббиёт муассасаларида артериал гипертония ва қандли диабет бўйича клиник протоколларни қўллаб-қувватловчи кураторлик тамойилларини жорий этиш, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Юқумли бўлмаган касалликлар бўйича мослаштирилган клиник протоколларни бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига жорий этиш тўғрисида"ги буйруғи ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар юзасидан ҳам маърузалар ўқилди.
Савол-жавоблар чоғида анжуман кун тартибидаги масалалар юзасидан янада батафсилроқ маълумотлар олинди.
"Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул". Анжуман давомида бу нақлнинг аҳамияти ва моҳияти юзасидан кўп мулоҳазалар айтилди ва профилактик тадбирларни янада кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Ташвиқот-тарғибот ишлари самарадорлигига эришиш воситасида оммани бу саъй-ҳаракатга ундаш муҳимлиги таъкидланди.
Ғ. АБДУЛЛАЕВ.