Ҳамширалар хонадонма-хонадон юришди

Патронаж ҳамшира - халққа энг яқин тиббиёт ходими. У маҳаллада кўчама-кўча юриб, тасарруфидаги оилаларнинг катта-ю кичиги ҳолидан хабардор бўлиб туради. Хонадонларнинг санитария-гигиена ҳолати билан танишади. Саломатликни сақлаш, турли касалликларнинг олдини олиш ҳақида маслаҳатлар беради. Зарур бўлса, тиббий ёрдам кўрсатади, беморларни аниқлаб, улар тўғрисида врачларга маълумотлар етказади.

Демак, патронаж ҳамширалар халқ саломатлигининг ҳамиша ҳозиру нозир ҳимоячиларидир. Шунга қарамай, ҳали вилоятимизнинг барча ҳудудларидаги аҳоли тўла-тўкис патронаж хизмати билан қамраб олинган, дея олмаймиз.

Аҳоли ва улар яшаётган хонадонлар кўпу, патронажчи ҳамширалар кам. Бу муаммони ҳал этиш учун вақти-вақти билан туманларнинг чекка ҳудудларига кичик шифокорларни сафарбар этиш чора-тадбирлар кўриб борилмоқда. Чунончи, Тўрақўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси жамоаси 12 августни Гўзалободда патронаж куни сифатида ўтказишди.

- Бу массив туман марказидан четроқдаги паст-баланд қир-адирликда жойлашган. Хонадонлари тарқоқ, кўчалари кўп. Уч километр йироқдаги Еттикон МФЙ тасарруфига киритилган. Муаммолари етарли. Биз ўзимизнинг соҳамизга тегишли жиҳатларини имконият даражасида ҳал этяпмиз, - дейди туман тиббиёт бирлашмасининг бош ҳамшираси Равшаной Ражабова.- Бугун марказий поликлиникамизнинг 38 нафар ҳамшираси ва 2 нафар врачини гўзалободликларнинг ҳузурига йўллаганмиз. Уларнинг қадамлари деярли ҳар бир хонадонга етиб боради.

Тез тиббий ёрдамчилар ўтирган "Дамас"лар бирин-кетин массивдаги мактаб ҳовлисига кириб келди. ТТБ бош ҳамшираси уларга юклатиладиган вазифаларни тушунтирди. Елкасига тиббий асбоблар ва дори-дармонлар солинган махсус сумкани илган ҳамширалар ўзларига бириктирилган кўчаларга тар­қалишди.

- Ҳар бирлари камида 10 тадан хонадонга киришади, - деди поликлиника катта ҳамшираси Фотима Қаҳҳорова. - Кечга қадар 400 дан ортиқ ҳовли тиббий назоратдан ўтказилади. Уларда яшовчи аҳолининг нафақат соғлигидан хабар олинади, айни маҳалда яшаш шароитлари ўрганилади, муаммолари тингланади, дафтарга қайд этилади. Натижада бирор киши меҳр-эътибордан бебаҳра қолмайди.

Биз кўрдикки, поликлиника врачлари томонидан соя-сал­қин боғ четида сайёр тиббий қабул ташкилланди. Ҳамширалар уйларга ташрифлари чоғида врачлар ёрдамига эҳтиёжманд хас­таҳол кишиларни аниқлашиб, шифокорлар олдига жўнатиб туришди. Поликлиниканинг бош умумий амалиёт врачи Сайёра Бадалова ҳамда врач Ҳафиза Жўраева кечга қадар шу ернинг ўзида дардмандларни текшириб, тиббий маслаҳатларини беришди. "Дориномалар" ёзиб, қўлларига тутқазишди. Соғлом турмуш тарзи талабларини тушунтиришди.

Албатта, бизлар ҳам тиббиётчиларга қўшилиб хонадонларда бўлдик.

- Салкам етмиш ёшдаман, - деди мамнун кайфиятда саноатчи меҳнат фахрийси Сабриниса Воҳидова. - Бир марта инфарктни бошдан кечирдим. Ҳозиргина ҳамшира қизларим қон босимимни ўлчашди. Ҳаммаси меъёрида чиқди. Яна қайси врачга бориб, зарур тасвиялар олишимни айтишди. Катта раҳмат, тадбир ташкилотчиларига!

Ҳамшира Шоира Йўлдошева эса навбатдаги хонадон сари ошиқди. Зарифа Ғафурова, Муаззам Раҳмонова, Дилором Абдукаримова, Сайёра Салимбоева сингари ҳамкасб­лари ҳам ўзларига бириктирилган ҳовлиларда яшовчиларнинг аҳволларидан бохабар бўлишди.

- Кейинги пайтда Гўзал­ободда яшовчилар тобора кўпаймоқда, - деди 82 ёшли меҳнат фахрийси Бурҳонжон ота Низомов. - Баландликда жойлашгани учун массив беҳад баҳаво. Одамлар боғлар яратишяпти, янги уйлар тиклаш­япти. Кўчалар чиқарилган. Электр ва сув таъминотидаги камчиликлар навбатма-навбат бартараф этилмоқда. Тиббий муассаса узоқда, шукурки, бу ҳолатни ҳисобга олишиб, марказий поликлиника томонидан бугунги патронажчилар кунинини шу ерда ўтказишди. Ке­йин ҳам бундай ҳайрли тадбирлар тез-тез такрорланиб турса ажаб эмас!

Яхши ишнинг бошланиши одамда эзгу умидлар уйғотади. Давлатимизнинг ғамхўрлигидан кўнгли қувончларга тўлаётган чекка-чекка ҳудудлардаги аҳолигача аъло кайфият туйяпди. Уларнинг диларидан "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" - деган байрамолди шиоридаги эзгу тилаклар кечаяпти, тилларида қайта-қайта янграяпти.

Содиқ САЙҲУН.