Бу фидоий инсонларнинг фаолият фалсафаси

Одам - оламни безагувчи зоти шариф. Бир боралик умрининг ҳар они ғанимат. Ахир болалигиям, ёшлигиям кейин ортга қайтмайди. Боқий хотирага айланади. Фақатгина хаёл кўзгусида намоёнланиши мумкин, холос. Бу ҳам аслида яратганнинг инсонга берган бебаҳо неъмати эканлигини ёшимиз бир жойга борганида идрок этамиз. Бесамар кечмаган болалигу ёшлигимиз бизларга ширин хотираларни қолдиради. Энтикиб-энтикиб эслаймиз, кўнглимиз таскинбахш туйғуларга тўлади. Соғинчу қўмсаш ўрнини фахрбахш ҳислар эгаллайди. Шундай ҳолатни ўз ҳаётини эл манфаатига, юрт тараққиётига бағишлаганлар бошдан кечира оладилар, албатта. Бу - тенгсиз катта бахт. Бу - осонликча насиб этмайдиган тақдир туҳфаси. Бу - камтаринликдан камол топган, хал­қу Ватанига меҳру муҳаббати зиёда инсонларга муносиб толе табассуми. Ахир йиллаб чекилган заҳматларгина раҳматлар келтиради. Муаммолар қошида ожиз турмай, уларни бартараф этишда сабру матонат кўрсатганларнинггина курашлари қувончли якунланади. Санитария-эпидемиология врачи Абдулазиз Ваққосовнинг неча йилки касбдошлари ўртасида обрў-эътибори баландлигини ҳам шуларга йўйсак, тўғри баҳолаган бўламиз.

Шаҳанд қишлоғининг Оқова маҳалласидаги Аббосхон Ваққосов таниқли педагоглардан эди. Домла 33-мактабда ёш авлодга она тили ва адабиётидан сабоқ берганлар. Ўғиллари Абдулазиз эса, шифокорликни танлади. 1976 - 1982 йиллари Тошкент Давлат тиббиёт институтида таҳсил олди. Даволаш факультетидаги сабоғи юқори босқичга етганида, санитария ва гигиена йўналишини танлаб хато қилмаган экан. Мана, салкам қирқ йилдан буён бир муассасада муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.

- Кечагидек ёдимда, - дея хотирлайди Абдулазиз Аббосович, - менга дастлаб тиббиёт билим юртида ўқитувчилик қилишга йўлланма беришган эди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Умрзоқов ҳузурига киргач, у кишининг тавсияси ва рағбати билан врачлик қилишимга имкон туғилди. Тўрақўрғон туман санитария-эпидемиология станциясига ишга юборилдим. Бош врач Носиржон Абдуллаев бўш ўринга янги ходим топилганига хурсанд бўлиб, овқатланиш гигиенаси врачлиги вазифасига тайинлар экан, "Сиз ўқитувчининг фарзанди экансиз, жуда яхши, муомала маданиятига, тартиб-қоидалар назоратида холисликка қатъий амал қилинг. Мақсадимиз муассасалардан фақат камчилик топиб, мутасаддиларни жаримага тортиш эмас, барча жойларда тозалик қоидаларига риоя этилишини таъминлашдир" дея уқтирди. Ёрдамчим - ёши улуғ фельдшер Бурҳонжон Шарипов эса тажрибали бўлгани учун биринчи устозимга айландилар. Кейин врач Сайдулло Қўчқоровни ўзимга мураббий билдим. Улар билан кўп йиллар бирга-бирга ишладик. Шукурки, раҳбарларимиздан эътирозлар эмас, эътирофлар эшитишга эришавердик.

Дарвоқе, у тўққиз йиллик фаолиятдан кейин санитария бўлими мудирлигига муносиб кўрилди. Ўшанга ҳам 28 йил бўлибди. Ўтган вақт ичида туман Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи саккиз марта алмашди. Абдулазиз Ваққосов эса... Ўз-ўзидан саволлар туғилади:

Нега у "ўсмади", ёки яхши врач, яхши мудирнинг жамоани бошқариш лаёқати йўқмиди? Унинг билим, малака ва тажрибаси бошқалардан кам эдими? Асло! Ҳар соҳада Абдулазиз уқувли. Айниқса, мутахассис сифатида ҳам, ташкилотчилик бобида ҳам устунлиги бўлган. Бироқ... мана шу бироққа қўлимиздаги унинг меҳнат фаолиятини акс эттирувчи "Маълумотнома" (объективка) аниқлик киритиб турибди. Унда қуйидагилар қайд этиб қўйилган:

1997-1998 йиллар - Тўрақўрғон туман санитария-эпидемиология станция­си бош врачи вазифасини бажарувчи;

2008-2009 йиллар - Тўрақўрғон туман Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи вазифасини бажарувчи...

Демак, юқори ташкилот томонидан икки марта масъул лавозимга лойиқ топилгану, ўзи хоҳиш билдирмаган. Камтарликни касб айлаган, бошқаларга буйруқ беришдан кўра, кичик вазифада ҳам катта ишларни уддалашига ишончи мус­таҳкам кадргина ташкилотнинг тўрида, ўриндиқнинг зўрида ўтириш имтиёзини рад эта олади агар таъбир жоиз бўлса, худди Абдулазиз Ваққосов сингари. Ана энди бизнинг қаҳрамонимиз сурату сийратини янада ёрқинроқ англаб етсангиз ажаб эмас.

Айтишларича, Абдулазиз бир ишга киришдими, унинг перобини чиқармай қўймасакан. Сабаби битта - у Давлат қонунига қатъий амал қилинишини таъминлашдан ўзга мақсадни сира-сира кўзламаган, кўзламайди ҳам. Шу боис, ёқтирмаган "казо-казо"лар қайсар врачни ўз "йўл"ларига сололмай доғда қолишаверади. Адолат тамойилларига қарши борадиганларнинг дийдиёсини эшитишни истамайдиган, эртанинг ташвишида астойдил жон куйдирадиган, бетаъма имзо қўйишга одатланган врачнинг қатъиятлилигидан охир-оқибат халққа фойда етади. "Отасига раҳмат, шундай ҳалол ва фаол врачнинг" деган олқишлар бежиз қулоққа чалинмайди.

Биргина мисол фикримизни тасдиқлашга кифоя, деб ўйлаймиз. Тўрақўр­ғон тумани марказидан четроқда фаолияти тўхтаб қолган юқумли касалликлар шифохонаси бор эди. Бинолари унчалик эски ҳам эмас. Жойлашган ўрни ҳам, ҳудуди ҳам санитария-эпидемиология талабларига монанд. Фақат мукаммал таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди. Лекин кейинги йилларда шу тиббий-муассасани туман марказий шифохонасининг ҳудудида бўлим сифатида қуриш кўзланаверди.

- Ўшанда масала жуда жиддий эди, - дейди фахрий қурувчи-муҳандис Абдураҳмон Раҳимов. - Баъзиларнинг шошилинч қарори, кейин халқ учун қимматга тушишини ДСЭНМнинг соҳага масъул бўлим мудири Абдулазиз Ваққосов ўз вақтида ўйлаб, янги таклифга ижобий хулоса бермади. Кимлардир "Қўлидан нима келарди шу врачнинг, юқоридагиларга айтамиз. Ўзлари фикридан қайтаришади" деб ўйлашади. Лекин янглишишган бўлиб чиқишди. Ҳозирда куюнчак мутахассиснинг оёқ тираб, тўғри ечимга келиниши учун астойдил қайғургани ва курашни охиригача етказгани туфайли туман аҳолиси саломатлигини тикловчи муассасанинг аввалги бинолари ҳозирги талабларга тўла жавоб берадиган ҳолатга, қиёфага келтирилмоқда.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, туманда Абдулазиз Ваққосовнинг қадами етмаган маҳалла, коллеж, мактаб, болалар боғчаси, умумий овқатланиш ва савдо шохобчалари қолмаган. У борган жойида санитария-гигиена қоидаларига амал қилишда узлуксизлик ва изчил тартиб ўрнатилган. Чунки бу врачнинг биринчи даражали мақсади камчиликларни топиб, жарима солиш эмас, уларни ўз ўрнида бартараф этиш ва такрорланишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш бўлган ва ҳозир ҳам худди шундай.

Яна маълумотноманинг сўнгги сатрларига кўз югуртирамиз:

2019 йилдан ва ҳозирги вақтда Тўрақўрғон туман Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи вазифасини бажарувчи.

Олтмишнинг довонидан ҳатлаган, юқори малакали ва бой тажрибали мақомга эришган Абдулазиз Ваққосов энди раҳбарликка белни маҳкам боғлаган кўринади. Чунки, у 15 нафар врач, 53 нафар ўрта тиббиёт ходими билан биргаликда истиқлол ислоҳотлари шарофатидан яратилаётган киройи шароитларда аҳил жамоани ўз олдига қўйган эзгу вазифаларни уддалаши учун ташкилотчилик ва ташаббускорликни ўз зиммасига олган. Бир томонда "Обод марказ" дастури бўйича ажратилган милён-милён сўм маблағ эвазига ДСЭНМ биноси беҳад чиройли тусга киритилмоқда. Ички иситиш тизимигача янгиланяпти. Ташқи фасад эса хушманзара бўлаётир.

Янги раҳбар учун бундан ортиқ омад қаерда. У яхши биладики, истиқлолли мамлакатнинг истиқболи порлоқ бўлиши учун халқ манфаати ҳамиша устувор аҳамиятга эга. Саломатлик доимо муҳофазада туриши лозим. Покиза ниятли эл покиза шароитда узоқ умр кўришга тўла ҳақли. Буни таъминлашда санитария-гигиена талаблари тўкислиги катта аҳамиятга эгалиги доимо долзарб масала бўлиб қолаверади.

Абдулазиз Ваққосов айни пайтда Шаҳанддаги намунали оила раҳнамоси ҳамдир. Умр йўлдоши Марғубахон билан икки ўғил ва бир қизни вояга етказишган. Собитхон ички ишлар ходими, Авазхон саноат корхонаси ишчиси, Маҳбубахон эса ҳамшира. Эндиликда 12 нафар набира уларнинг уйларини ҳам, кўнгилларини ҳам ҳамиша тўлдириб турибди.

Содиқ САЙҲУН.