Мамлакатимизда энг улуғ, энг азиз айём - Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги арафасида ана шу шиор остида байрамолди тиббий акцияси бошланди. 29 июлдан то 27 августга қадар давом этадиган жараёнда юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу тиббий тадбирга вилоятимизда ҳам уюшқоқлик билан киришилди.

Дастлабки ҳафтада аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венералогия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази таниқли шифокорлари юборилди. Келгуси ҳафтада мамлакатимизнинг бошқа тиббиёт марказлари вакиллари Наманганга келишади.Шунингдек, вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг энг тажрибали мутахассислари ҳам акцияга жалб қилинган.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрикка биринчилардан бўлиб Поп ва Чуст туманларининг олис қишлоқларида яшовчи кишилар чорланди. Попдаги 20-оилавий поликлиникада тиббий тадбирнинг тантанали очилиши ўтказилди. Шундан кейин туманнинг турли қишлоқларидан келган беморлар қабули бошланди. Қариялар, аёллар ва болалар жарроҳ, кардиолог, эндокринолог, педиатр, лор ва бошқа тор соҳалар мутахассисларидан тегишли касалликлар бўйича маслаҳат ва тавсиялар олишди. Ультра­товуш текширувларида эса қатор ҳасталиклар юзага чиқди."Мобиль поликлиника" ҳам ҳудудга етиб келганлиги боис одамлар юқори технологияли офтальмологик текширувлардан ўтишди.

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венералогия илмий-амалий тиббиёт маркази вакили, профессор Шаҳноза Мавлонова қабули чоғида санглик бемор Саида Маҳкамовани анчадан бери безовта қилаётган мураккаб касалликка ташхис қў­йилди. Оғир хасталикни бошидан кечирган бемор Дўстмуҳаммад Айзматов эндо­кринолог ва офтальмолог кўригида бўлди. Отахонни даволаш чоралари изланди. Оғир тан жароҳатидан кейин тўшакка миҳланиб қолган Виктор Шипиловнинг хонадонига эса шифокорлар ташриф буюришди. Жарроҳ Қантихон Урдаева патронаж ҳамшираси Гулсанам Ҳайдарова билан биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган инсон саломатлигини кўздан кечиришди. Бу жараёнлар кун бўйи узлуксиз давом этди.

Малакали шифокорлардан таркиб топган тиббий бригадалар ҳафта якунига қадар Норин, Учқўрғон, Янгиқўрғон, Косонсой, Мингбулоқ ва Наманган туманининг чекка қишлоқларига йўл олади. Тиббий кўрик натижасида касаллиги аниқланган беморлар амбулатор шароитда ёки шаҳар ва туман, вилоят, ҳатто республика шифохоналарида соғломлаштирилади.

- Юртдошларимизнинг соғлиғини мустаҳкамлашда, уларнинг соғлом, узоқ умр кўришида тиббий кўриклардан мунтазам ўтиб туришнинг аҳамияти беқиёс. Шу билан бирга соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиш, жисмоний ҳаракат ва фаоллик, соғлом овқатланиш қоидаларига риоя этиш ва зарарли одатлардан воз кечиш ҳам жуда муҳимдир. Аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган "Соғлом ҳаётга қадам ташла!" деб номланган ойликда мана шу жиҳатларга алоҳида урғу берилади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими мудири Дилмурод Қодиров.

Дарҳақиқат, акция давомида нафақат тиббий кўриклар, балки маҳаллалар аҳли ўртасида саломатлик тарғиботи ҳам йўлга қўйилади. Зеро, соғлом ҳаёт кечиришнинг зарур шартларидан бири - тиббий маданиятга эришишдан иборатдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Суратларда: вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У. Ботиров раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ акциянинг боришини мувофиқлаштириб турибди. Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венералогия илмий-амалий тиббиёт маркази вакили, профессор Шаҳноза Мавлонова бемор Саида Маҳкамованинг соғлиғини кўрикдан ўтказмоқда.