Россиянинг "iVoice Technology" компанияси вилоят соғлиқни сақлаш тизимида ахборот технологияларини жорий этишда иштирок этади.
26 июль куни Наманган вилояти ҳокимлигида Россиянинг "iVoice Technology" компанияси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов ва вилоят ҳокимлиги АКТ ривожлантириш маркази раҳбари Бахтиёр Ахунбабаев ҳамда "iVoice Technology" компанияси директори Андрей Заворин иштирокида бўлиб ўтган учрашув чоғида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизимида овозни таниш хизматига асосланган мижоз билан мулоқотни автоматлаштиришни жорий этиш жараёнида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунига кўра, вилоят ҳокимлиги ҳамда "iVoice Technology" компанияси ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.Унга кўра, лойиҳани амалга оширишни мувофиқлаштириш учун вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Россия компанияси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилади.
"iVoice Technology" компанияси ҳамкорликнинг дастлабки босқичида жорий йил якунига қадар Наманган вилояти тиббиёт муассасаларида овозни таниш хизмати имкониятларини кўрсатиб берувчи умумий қиймати 100 минг АҚШ долларигача бўлган технологияларни бепул жорий этади. Бу Россия компаниясининг вилоят ижтимоий соҳасига қўшган беғараз кўмаги бўлиб қолади.
Манба: Namangantoday.uz