Улуғ айём - Мустақиллик байрами арафасида кам таъминланган оилалар аъзоларига кўрсатилаётган тиббий хизмат доираси янада кенгаймоқда.

Вилоят тери таносил касалликлари диспансерида хайрия тадбири ўтказилди. Унга кам таъминланган оилалар фарзандлари, ёрдамга муҳтож инсонлар таклиф этилди. Тадбирни диспансер бош врачи Яҳёжон Айтуғдиев кириш сўзи билан очди. Таъкидландики, истиқлол йилларида мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд юртдошларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли, савобли ишлар қилинмоқда. Ҳеч бир нажотталаб инсон меҳр ва эътибордан четда қолдирилмаяпти. Айниқса, аҳолининг заиф қатламига кўрсатилаётган кўмак миқдори йилма-йил ортиб бораётир. Ўз-ўзидан тиббий-ижтимоий хизматлар салмоғи ҳам.

Хайрия тадбирида бир гуруҳ бемор болаларга Россиянинг "Капалак болалари" хайрия фондидан юборилган, қиймати салкам 60 минг АҚШ долларига тенг ноёб дори-дармонлар ва боғлов материаллари тақдим этилди. Мазкур жамғарма Марказий Осиёда фақат Ўзбекистон учун мурувват кўрсатаётганлиги айтилди. Туҳфа этилган дори воситалари Германия ва Ҳиндистон давлатларида ишлаб чиқарилган.

- Фарзандим Сарвиноз оғир хас­таликка чалинган. Уни даволатиш учун хорижий дори-дармонлар зарур эди. Саховатпеша инсонларга раҳмат. Бугун дори воситалари тўпламини топширишди, - дейди Дилфуза Насимжонова.