Маълумки, Наманган шаҳрининг Гўзал даҳасида "Gold-Dream" Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонасининг замонавий тиббиёт клиникаси барпо этилмоқда. Унинг чет эллик инвестори "Dream Medical Foundation" компаниясидир. Лойиҳа қиймати 35 миллион АҚШ доллари бўлган янги тиббиёт масканини жорий йилнинг охирларига бориб фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. Айни пайтда собиқ диагностика маркази биноси қайта реконструкция қилиняпти. Унинг икки тарафида ўн қаватли биноларни қуриш учун лойиҳалаш ишлари якунланди.

Янги тиббиёт масканида 450 нафардан зиёд шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритади. Ҳозир кадр­лар тайёрлаш бўйича ҳам изчил иш олиб борилмоқда. 150 нафардан зиёд талабгор корейс тилига ўқитилди. Аъло баҳоларга ўзлаштирган 50 нафар тиббиёт ходими эса саралаб олинди. Энди улар Жанубий Кореянинг Чоннам тиббиёт университети клиникасида малакаларини оширадилар.

2-Наманган тиббиёт коллежининг мажлислар залида янги клиниканинг бўлғуси ходимлари билан меҳнат шартномасини имзолаш маросими ўтказилди. Унда хорижлик инвестор, ота-оналар ва йигит-қизлар иштирок этишди. Тадбирни қўшма корхона раҳбари Содиқжон Раҳматов олиб борди.

Корхона таъсисчиси жаноб Парк Йонг Хван Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари раҳбарлари раҳнамолигида, вилоят ҳокими Хайрулла Бозаровнинг ташуббуси билан вужудга келган замонавий тиббиёт комплексининг истиқболлари ҳақида батафсил гапириб берди. Наманганлик тиббиёт ходимларини малака ошириши мўлжалланган Чоннам тиббиёт университетининг салоҳияти, унда татбиқ этилаётган фан ютуқлари, жаҳон эътироф этган тажрибалари ҳақида сўзлади. Жанубий Кореяга сафарга тараддуд кўраётган ёшларга халқаро рейтингда юқори турувчи олийгоҳ клиникаларида чуқур билим олиб, малакаларини бойитиб қайтишда омадлар тилади.

Маросимда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Абдулла Ғозиев, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бўлим мудири Сардор Бобохонов, меҳнат фахрийси Шаҳноза Шарипова ва бошқалар сўзга чиқиб, истиқлол шарофати билан яратилган беқиёс имкониятлар, тиббиётда хусусий сектор ҳам ривожланиб бораётганлиги, хорижий сармоядорларнинг юртимизга қизиқиши кучайиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан янги иш ўринлари яратилаётганлиги, ҳатто чет эллик инвесторлар кўмагида маҳаллий мутахассислар Жанубий Кореяга маҳорат оширишга юборилаётганлигини мамнуният билан таъкидладилар.

- Наманганда қурилаётган замонавий клиника келажакда Чоннам тиббиёт университетининг кичик кўринишини олади, - дейди жаноб Парк Йонг Хван. - Лойиҳада нафақат даволаш-диагнос­тика ишлари, келгусида тиббиёт ходимларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш, хитой халқ табобатини қўллашни ҳам кўзлаб турибмиз.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, "Gold-Dream" Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонасининг клиникаси 700 ўринли бўлиб, йилига 250 минг нафар беморни қабул қилади. 300 дан ортиқ такомиллашган тиббий аппарат ва жиҳозлар билан юқори технологик даволаш ва диагностика хизматлари йўлга қўйилади. Тиббиёт комплекси нафақат юртдошларимизга, балки қўшни давлатлар фуқароларига ҳам хизмат кўрсатади.

Севара ҒОЗИЕВА.