Қримм - Конго геморрагик иситма касаллиги (ҚКГИ) орқали трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касалликдир. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади. ҚКГИ вирусининг манбалари - кемирувчилар, йирик ва майда шохли моллардир.

Геморрагик иситма мавсумийлик хусусиятига эга бўлиб, асосан йилнинг баҳор ва ёз фаслларида қайд этилади. Бундай мавсумийлик каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ бўлади. Касаллик асосан 20-60 ёшдаги эркакларда учрайди.

Табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва чорва молларидан уларни олиб, қўллар билан каналарни эзиш натижасида терининг кана қони билан ифлосланиши орқали бу касаллик одамларга юқади. Касалликнинг яна бир хавф­ли томони ҚКГИ билан оғриган беморнинг қонидан ҳам гемоконтакт йўл ор­қали соғлом одамга юқади.

Қримм - Конго геморрагик иситма касаллигидан сақланиш учун қуйидагиларга риоя қилиш тавсия этилади:

* баданга кана ёпишганлиги аниқланса, яқин жойлашган тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш керак;

* кана чақишдан эҳтиёт бўлиш мақсадида тери юзаси имкон қадар кийимлар билан бекитилиши лозим;

* кана кўпинча оёқлар орқали киришини инобатга олиб, шимни почалари маҳкам боғланиши зарур.

Терини кана чақишдан асраш учун чўчитувчи воситалар, яъни репеллентлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бундай воситалар дорихоналарда сотилади. Чўчитувчи воситалар тери юзасига пуркалади, уларнинг таъсири 3 соатгача давом этади, 3 соатдан сўнг терини репеллент пуркалган қисми хўжалик совуни ёрдамида ювиб ташланади ва зарурат бўлганда репеллент такроран қўлланилади.

Умуман, агар бирор кишини кана чақса ёки баданга кана ёпишганини кўрса, қўллари кана қони билан ифлосланса, шунингдек, иситмаси чиққан, бурундан, милклардан, ошқозон-ичаклардан, бачадондан қон кетган беморларга ёрдам кўрсатса, беморнинг қони тери ва шиллиқ қаватларига теккан бўлса, унга ёрдам кўрсатган одам ҳам тиббий ёрдамга мурожаат этиши шарт.

Каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик, қирқим мавсумига ёш болаларни, ўсмирларни ва ҳомиладор аёлларни жалб этмаслик, сут соғиш жараёнида сигирлардан канани қўл билан олмаслик шарт. Қирқим вақтида фақат махсус ҳимоя кийимлардан (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш касалликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳакима АЗИМОВА,

Наманган шаҳридаги 11-оила

поликлиникаси бош врачи