Етмишга етишганида ҳам тетик, ёшлардай ғайрат ва шижоат билан тиббиётнинг заҳматли ва машаққатли йўлини биргаликда босиб ўтаётган, эл-юрт саломатлигини сақлашдан чарчамаган, умр дафтарларини ҳануз олқиш ва раҳматлар билан безаётган шифокорлар ҳақида эшитганмисиз. Улар орамиздаги ибратга муносиб одамлардир. Бундай тақдир сийлаган азиз инсонларнинг кимлиги билан қизиқаётган бўлсангиз, ҳикоямиз билан танишинг.

Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-шаҳар шифохонасидаги турмуш қурганларига 45 йил, иш фаолиятларини бошлаганларига 43 йил тўлаётган олий тоифали шифокорлар Муроджон Сафарбоев ва Санобар Маҳмудовалар шундай толега мушаррафлар.Тўғри, шифокорлар сафида турмушдошларни учратишимиз мумкин. Лекин бир жойда, битта шифохонада қарийб 40 йилдан буён ҳамнафасу ҳамфикр бўлиб келаётган, қолаверса етмиш ёшдан кейин ҳам саломатлик посбони деган шарафли номни ардоқлаб, ҳалол ва фаол хизмат қилаётганлари камдан-камдир.

Асли хоразмлик Муроджон ака ота-онасидан эрта айрилади. Укаларини боқиш, оиладагиларга ёрдам бериш учун Андижонга ишлагани келадию, аммо тиббиётга бўлган қизиқиши шу шаҳардаги тиббиёт институтига етаклади. Не бахтки Муроджонга талабалик насиб қилди. У астойдил ўқиди ва изланди. Учинчи курсдан кейин даволаш йўналишида бирга таҳсил олаётган Санобархонга кўнгил қўйди. Қиз эса жуда интилувчан, ҳам ишлаб, ҳам таҳсил олаётган Муроджон акага бефарқ эмасди.

Улар турмуш қуришади ва ўқишни биргаликда давом эттиришади. Институтни якунлаётганларида тўнғич қизлари Гулихон бир ёшга қадам қўйган эди. Эру хотин ўша пайтдаги тамо­йилга кўра, мутахассис кадр етишмаётган Наманган вилоятига ишга юборилди. Ёш оилага Наманган тўқимачилик комбинати қошида янги ташкил қилинаётган шифохонада ишлашни тавсия қилдилар.

Кунларнинг бирида Муроджон ака устози билан биргаликда цехда тасодифан куйиб қолган оғир ҳолатдаги беморни асоратларсиз даволашади. Буни кўрган комбинат раҳбарлари шифохонада реанимация бўлимини очишни таклиф қилишади. 1984 йилда Исоқжон Исматуллаевнинг саъй-ҳаракатлари билан бўлимга асос солинади. Шундан буён Муроджон Сафарбоев реанимация ва анестезиология бўлимининг энг жонкуяр шифокори сифатида қанча-қанча беморларга умид, ишонч ва ҳаёт бахш этмоқдалар. Ҳамиша ҳаракатчан, чинакамига фидоий бу шифокорнинг 70 ёшдан ошганига сира-сира ишонмайсиз. Балки ҳалоллик, касбга садоқат каби олий фазилатлари сабабдир ёшлардек бугунги ғайрат-шижоатига.

- Муроджон ака устозим бўладилар, - дейди бўлим мудири Иброҳимжон Иномиддинов. - Жуда меҳнаткаш, самимимий, оқкўнгил инсон. Етарли тажриба, етарли билим ва етарлича малакага эга шифокор биз шогирдларига ўзидаги барча билимларини илинади, тажрибаси билан ўртоқлашади. Қолаверса тиббиётдаги янгиликлардан ҳамиша огоҳ бўлиб боради. Ҳозир ҳам ўқиш ва изланишдан тўхтамаганлар. Шунақа пайтлар бўладики, навбатчиликдан энди кетган бўлсалар ҳам жуда оғир, ҳаёти қил устида турган беморларга консилиум учун чақирсак, "лаббай" деб етиб келадилар. Ўзларининг қимматли маслаҳатларини аямайдилар. "Бемор ҳаётини сақлаб қолиш энг муҳим вазифамиз" дея ўргатадилар биз шогирдларига ҳамиша.

- Қизим мени эмас, турмуш ўртоғим Санобархонни фаолиятини ёзсангиз жуда яхши бўлар эди, - дейди камтарлик билан Муроджон Сафарбоев. - Гематологиянинг етук кадрларидан. Фарзандларимиз тарбиясида ҳам турмуш ўртоғимнинг роли жуда катта. Санобархон менга тақдирнинг энг юксак инъоми. Аслида ҳамма ишхонасини "иккинчи уйимиз" дея аташади. Бизда ундай эмас, Санобар иккимиз учун ҳам мазкур шифохона биринчи уйимиздек азиз ва қадрли. Ҳар бир врачу ҳамширалар гўё фарзандларимиз, улар бизнинг ўғил-қизларимиз. Бу даргоҳнинг ташкилланиш тарихига бош-қош бўлган инсонларнинг барчаси таниш. Барчалари устозларимиз бўлган. Ёшлигимиз, умримизнинг энг гўзал онларини шу ерда ўтганидан мамнунмиз. Дарддан фориғ бўлган беморларнинг олқиш ва раҳматлари умримизнинг безаги бўлди. Шунинг учун ҳам бесамар яшамадик. Хал­қимиз хизматида бўлиб, қўшақариш, бахт­ли турмуш насиб этди.

Дарҳақиқат, Муроджон аканинг турмуш ўртоғи, олий тоифали шифокор Санобар Маҳмудова ҳам 1984 йилдан буён шифохонанинг гематология бўлимини бошқаради. У гематологлар ассоциациясининг фаол аъзоси. Тиниб-тинчимас Санобар опа ҳар йили апрель ойида Москва шаҳрида ўтказиладиган гематологлар анжуманида фаол иштирок этади. Янгиликларни амалиётда қўллашдан бохабар бўлади. Айниқса, устози профессор, академик Андрей Иванович Воробевнинг маърузалари унинг учун ҳамиша мароқли ва янгиликларга бой. Ҳатто мазкур анжуманга турмуш ўртоғи Муроджон акани ҳам иштирок этишга ундаган. Қўярда-қўймай олиб борган. Чунки ДВС бўйича тушунчага эга бўлиш Муроджон акага ҳам кони фойда эди-да.

- Устозларим Қутбиддин Сиддиқов, Аркадий Рубинович Маделлардан жуда-жуда миннатдорман, - дейди С. Маҳмудова.

Ҳеч кимга сир эмаски, туғма ва орттирилган қон хасталикларини даволаш жуда катта тажриба, билим ва маҳорат талаб қилади. Шифокор ўз соҳасининг билимдони, самимий ва меҳрибон инсон. Бу бизнинг эмас, ундан шифо топиб соғайган беморларнинг таърифи, аслида.

- 2017 йилдан буён шу ерда даволанаман, - дейди Бобурмирзо Турсунбоев. - Санобархон ая жуда-жуда жонкуяр ва фидоий. Ҳамиша эртанги кунга умид уйғотади, ишонч беради. Доимо миннатдорман, улардан...

Бўлимдаги 10 нафар олий тоифали ҳамширалар, 7 нафар кичик тиббиёт ходимларига раҳнамо бўлган мутахассис аҳиллик ва меҳр-оқибатни ҳамиша ҳаётининг мезонига, умрининг мазмунига айлантирган.

Тақдирдош отахон ва онахон шифокорлар ҳақида ҳар қанча ёзсак арзийди. Улар ўз фарзандларини ҳам эл-юрт корига камарбаста инсонлар этиб тарбиялашди. Катта қизлари Гулихон Наманган шаҳридаги 52-мактаб ўқитувчиси, Сайёра Халқ банки вилоят бошқармасида бош мутахассис, ўғиллари Шерзодбек эса ҳозирда Германия давлатида илмий иш билан машғул. 10 нафар набиралар ардоғидаги пиру бадавлат шифокорлар Муроджон ака ва Санобархон аянинг умр дафтарлари яна кўп йиллар давомида дард­манд инсонларнинг олқишлари билан безалиши шубҳасиз!

Манзура ЭРГАШЕВА.