Фавқулодда ҳодисалар рўй берганида тиббиёт муассасалари ходимларига жуда масъулиятли вазифалар юкланади. Шунинг учун саломатлик посбонлари ҳамиша ҳушёр, ҳамиша бедор ва ҳамиша чаққон ҳаракат қилишлари, ҳар қандай вазиятда инсон саломатлигини сақлашга тайёр туришлари лозимлиги ўтказилаётган қўмондонлик ўқув машқларидаги жараёнларда ҳам акс этиб турди. Мазкур тадбирларда уларнинг бу борадаги тажрибалари ошиб, билим ва кўникмалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Махсус тактик ўқув-машқлари Наманган шаҳар "Мустақиллик" маҳалласида жойлашган "Отчопар" ўйингоҳида бошланди. Вилоят ФМ бошлиғининг ҳаракатдаги бошқарув, кўчма савдо ва овқатланиш пункти ва механизация ишлари йиғма жамоасининг саф кўриги шу ерда ўтказилди. Бу ҳудудда вилоят ҳокимининг алоҳида тиббий пунктига "жабрланганлар" вақтинча қабул қилинди. 8 та ўрин-жойлар, дори-дармонлар шай қилиниб, малакали тиббий ходимлар чаққон ҳаракатга тушишди. Шунингдек, 4 та "Хундай" русумидаги тез тиббий санитар автомобили ва 4 та шошилинч тез тиббий ёрдам бригадалари ҳам ҳозир бўлишди.
Поп туманидаги "Чоркесар-23" тугатилган уран руда кони атрофида аҳоли хонадонлари ва кўчаларидаги собиқ уран кони шахталаридан чиққан радиоактив тошларни аниқлаш ва бартараф этиш машқлари, Тўда қишлоғи "Эски қишлоқ" ҳудудидаги "Бахтигул Шоҳжаҳон" фермер хўжалигида эса куйдирги касаллигидан сақланиш тадбирлари уюшқоқлик ва юксак савияда ўтказилди.
- Қўмондонлик қароргоҳ ўқув-машқлари "Нестле-Ўзбекистон", "Нестле-Агро" МЧЖда "Зилзила туфайли корхонада содир бўлган ёнғинни ва унинг оқибатларини бартараф этиш", Янгиқўрғон тумани марказий ўйингоҳида эса "Туман ҳокимининг бошқарув пункти ва биринчи тиббий ёрдам отрядининг дала шароитидаги ёйилиши" бўйича ташкил этилди, - дейди ВССБ ФМ бош мутахассиси О. Жўрабоев. - Шунингдек, туманнинг "Камалак" болалар оромгоҳида эса эвакувация ишлари амалга оширилди.
Ўтказилган машқларда республика фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал - майор А. Қўлдошев иштирок этди.
Манзура ЭРГАШЕВА.