Истиқлол тенгдоши Улуғбек Нажмиддиновга бу таърифлар жуда-жуда мос. Мақтов учун айтилаётгандай туюлса-да, аслида оддий эътирофларга хос. Ахир у баъзиларга ўхшамайди, ютуқларидан сира-сира мағрурланишни билмайди, эришган натижаларидан эса кўнгли ҳеч вақт тўлмайди, муттассил ўқиб-ўрганишу олға интилишни канда қилмайди. Камтару камсуқум, зийрагу зукко, ёш кадрлар билан ишлашга уқувли. Энг муҳими, топшириқларга масъулияти ҳамиша юксак. Булар йиллар мобайнида шаклланганию, эндиликда барқарорлик касб этганини босиб ўтган қисқа ва сермазмун ҳаётига назар ташласак, осонгина англаб етамиз.

У юрт мустақиллиги эълон қилинган 1991 йилнинг сентябрида Тўрақўрғоннинг Яндама қишлоғида таваллуд топган. Отаси Абдурашид Носиров ҳайдовчилик касбикори, онаси Ҳабибахон Қодирова уй-томорқа юмушлари билан банд бўлишса-да, тўнғич фарзанд аҳил оила соҳибларини янада ширин орзу-умидлар оғушига етаклади. Улар болалигиданоқ Улуғбекнинг камолоти учун астойдил қайғуришди. Ҳам жисмоний, ҳам ақлий етук бўлишига керагича рағбат беришди. Ҳали мактаб ўқувчиси чоғидаёқ ўғиллари спортннинг дзюдо тури билан шуғулланиб, 2005 йили вилоят чемпионатида тенгқурлари ўртасида фахрли иккинчи ўринни эгаллаганлиги шундан. Билимга чан­қоқлиги учун 2007 йили Наманган муҳандислик-қурилиш институти қошидаги "Дўстлик" академик лицейига борди. Юқори балл билан қабул қилинган Улуғбек билимгоҳда фан асосларини аъло баҳоларга ўзлаштирди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетига кириб, таҳсилни давом эттирди.

2016 йили мутахассислик дипломи қўлига теккач, устозлари маслаҳати билан Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган филиалида психоаналитик вазифасида хизматни бошлади. Идроки баланд, мулоқотчан ва серғайрат йигит тез орада ҳамюрт­лари саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашнинг жонкуярлари сафида тиббий тарғибот-ташвиқот фаолига айланди. Икки йил мобайнида соғ­лом турмуш тарзи бўйича 20 дан зиёд тарғибот тадбирларида қатнашди. Аҳолининг касалликлар профилактикаси борасидаги муаммоларни аниқлаш мақсадида йўлга қўйилган ўрганишларнинг самарадорлигига эришишга салмоқли ҳисса қўшди.

Улуғбекнинг ҳаракатчанлиги назардан четда қолмади. Уни 2017 йили Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган шаҳар Кенгашининг ташкилий-кадрлар ва ахборот таҳлил масалалари бўйича етакчи мутахассислигига муносиб кўришди. Билдирилган ишончни оқлаш нияти ёш йигитни жамоат топшириқларини бажариш иштиёқини ҳам кучайтириб юборди. Пахта йиғим-терим мавсуми чоғида шаҳардаги уюшмаган йигит-қизлардан тузилган "Фидойи ёшлар отряди"нинг саркорлигига уни бежиз танлашмади. Долзарб мавсумда Улуғбек отряд ишини ғоят самарали ташкил этишга эриша олди десак, асло муболаға эмас. Бундай ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги билан юқори лаёқатини намойиш қилгани туфайли кўпчилик эътиборига тушди. 2018 йили Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши ташкилий кадрлар ва ахборот таҳлил масалалари бў­йича етакчи мутахассис лавозимига тайинланди. Айни маҳалда бўлимнинг бош мутахассиси ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга нисбатан кўрсатаётган ғамхўрликлари, ўз навбатида навқирон авлод олдига қўяётган муҳим вазифалар масъулиятини Улуғбек бирор лаҳза унутмайди, чуқур ҳис этади. Ҳар он, ҳар дақиқа ўқиб-ўрганишга, истиқлол ислоҳотларини ҳаётга изчил тадбиқ этиш учун сидқидилдан курашишга ўзини чоғлагани чоғлаган. У юртимиздаги юқори нуфузли анжуманларда фаол иштирок этиб келмоқда. Чунончи, шу йилнинг 14-15 июль кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш инс­титути томонидан "Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш стратегияси: мавжуд вазият ва ривожланиш истиқболлари" мавзуида ташкилланган Халқаро илмий-амалий конференцияда махсус Сертификат билан тақдирланди. Бунинг боиси айни маҳалда институтнинг қайта тайёрлаш ўқув курсида қарийб тўрт ой билим ва амалий кўникмасини янада мукамаллаштирганидир.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташкилий-кадрлар бўлими мудири Муроджон Ҳайитбоевнинг таъкидлашича, Улуғбекнинг пешқадамлиги ташкилот тузилмасидаги ишларнинг умумий ривожига тааллуқли муаммоли масалаларга бефарқ эмаслигида. Кўнглидан кечаётган жўяли ва серсамара таклифларни дадил ўртага ташлашга интилишида кўринади. Масалан, у биринчилардан бўлиб, вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашларининг барча ходимлари учун онлайн ўқув-семинарлар E-learning ташкил этиш таклифи билан чиққан. Чунки, вилоятларнинг ўзида бундай тадбирлар фақат сардорлар ва етакчилар учун уюштирилади, холос. Аммо уларни бошқарувчи, етакловчи аппарат ходимлари учун ўқув-семинарлар деярли йўқ. Вилоят Кенгашларининг деярли барчасида буни йўлга қўйиш имконияти мавжуд. Агар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳамкор ташкилотлар билан қўшма қарори ва фармойиши асосида вебинарлар бир вақтда ўтказилса, ҳамма ходимларнинг иштироки таъминланар эди. Фақат шугина эмас, Улуғбекнинг таклифича Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ижтимоий тармоқларда кадрлар фаолиятига оид махсус канали ёки сайтини очиш керак.

- Давр биз ёшлардан бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан фаолроқ яшашни ва ишлашни талаб қилмоқда, - дейди Улуғбек Наж­миддинов. - Ҳар соҳада бўлгани каби ёшлар иттифоқидаги ишларнинг мувафаққиятини ҳам кадрлар ҳал қилади. Шунинг учун сардор ва етакчиларни танлаш, тарбиялаш ва ўрни-ўрнига қўйишни адолатли ҳолда, уларнинг билим ва амалий лаёқатлари, малакалари даражасига қараб, амалга оширишга ҳамиша масъулмиз. Ёшларга оид давлат сиёсати ижросини тўла таъминлаш учун биз бир ёқадан бош чиқариб, кеча-кундуз тиним билмай сидқидилдан ҳаракат қилсаккина Президентимиз ишонч­ларини оқлашга эриша оламиз.

Кўнгли эзгу мақсадларга лиммо-лим замондошимизнинг ташкилотчилиги, ташаббускорлиги ва пешқадамлиги ўз атрофидаги юзлаб, минглаб уюшган ва уюшмаган ёшлар учун чинакам ибратга, илғорликка чорловчи кучга айланаверишига ишончимиз комил. Истиқлолимизнинг 28 йиллиги шарафига авж олдирилаётган ҳозирги ҳаракатлар шубҳасиз ўзининг қувончли натижаларини беради. Зеро, ёшлар бор жойда жўшқинлик бор, мувафаққият бор, ғалаба бор. Булар мамлакат тараққиётининг янги босқичида Ватанга садоқатнинг ўзига хос ёрқин намунаси бўлиб тураверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.