"Наманган ҳақиқати" газетасининг 2014 йил 20 сентябрдаги сонида Рислиқхон Мажнунованинг "Атиргулга қайтсак-чи..." мақоласига кўзим тушибоқ қувониб кетган эдим. Боиси, дилимизда тўлғоқланиб, тилимиз учида турган гапларни айтишга журъати етибди журналист ҳамкасбимизнинг. Гарчи "Шахсий фикр" рукнида берилган бўлса-да, шунчаки мулоҳаза юритилмаган, аксинча ҳам куюниб, ҳам суюниб бағоят эътиборталаб таклифлар ўртага ташланган. Биздаги юқорининг топшириғини кўр-кўрона бажаришга, ҳатто "ошириб" уддалаш билан сохта обрўга эришаётганларга билдирилган эътирозларгача малолсиз баён этилган. Муаллифнинг афсусланишига беихтиёр қўшилиб кетамиз. Бу ҳол, яъни атиргулларни камситиш Наманган шаҳридамас, туман ва қишлоқларда ҳам рўй берганини бугун қай биримиз инкор эта олардик.

Дадам қишлоғимиз мактабида директор бўлганликлари учун илмгоҳ ҳовлисидаги йўлак қирғоқларию, кичик-кичик майдончаларига анвойи атиргуллар ўтқазганликларини болалигимда кўрганман. Ҳали ҳозир улар баҳордан то кузгача очилиб, ажиб бир гўзаллик кашф қилади. Энди ўйласам, ўша йилларда бундай атиргулпарастлик гуллар шаҳридан бошланиб, бутун вилоятга ёйилган экан-да.

1978 йили Тўрақўрғонда Жанговар ва меҳнат шон-шуҳрати уйи барпо этилганди. (Ҳозирги Хотира ва қадрлаш халқ музейи). Унинг уч гумбазлик маҳобатли биносию, ҳатто эшигининг икки ёнидаги она ва солдат ҳайкаллари нигоҳимизни қанчалик ўзига жалб қилиб турса, олди майдонидаги 774 туп атиргуллар уч фасл барқ уриб яшнаб очилгани очилган эди. Ҳар бири Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган жангчилар хотирасига ўтқазилганди. Улар жангоҳларда жонфидо қилган марду майдон йигитларнинг умри гўё гулга айлангандек дилларимизга таскин ва юпанч бағишларди. Нафақат шу жойда, айни ўша пайтлар барча жамоа хўжаликлари, корхона, ташкилот ҳамда муассасаларнинг идора биноларигача гулзорлар ичидаги йўлаклардан ўтиб кириларди. Атиргулларнинг турфа турлари барқ уриб атрофни серфайз гўзалликка буркаб турганида наинки кўзимиз, балки кўнглимизгача қувонарди.

Ахсилик боғбон отахон Борихон Қодиров ўстирган ва пайвандлаган ранго-ранг гулларнинг харидори эса ниҳоятда кўп эди. Сабаби, ҳамма ҳам ҳовлиси саҳнида атиргуллар бўлишини жуда-жуда истарди. Баҳордан кеч кузга қадар чиройини кўз-кўзлаб, ҳавони ифорига тўлдириб юборадиган гўзаллик тимсолиги ихлосимиз беҳад юқорийди. Гулчи отахон Намангандаги анъанавий гуллар байрамида фаол қатнашиб,совринлар билан қайтарди.

Албатта, эзгу ишларнинг ибрати биз ёшларнинг қалбимиздаям табиат инъомига меҳр-муҳаббатимизни зиёда қилаверарди. Мен "Давр" газетасида муҳаррирлигим чоғидан, яъни 2000 йилнинг эрта кўкламида янги бинонинг олдига биринчи бўлиб 5 турдаги 50 туп атиргул ўтқазишдан ободончилик ва кўкаламзорлаштиришни бошлаганман. Шу йилнинг май ойидаёқ оппоқ, қип-қизил, сап-сариқ, пушти очилган ранго-ранг чиройга бурканди ҳовлимиз. Чиройига ошуфта боқиб, соҳир онларда тўлқинланиб, қуйидаги сатрларни битган эканман.

Суқланиб тураман,

Қошимда гулзор,

Кўзимда сузади қувонч кемаси,

Бир гул камаймайди,

Лек олганим бор:

Кўнглимга тўлган завқ-

Гуллар меваси!

Буям майлику-я, мактаб ва коллежларга ўқишга ўтадиган ўқувчиларнинг гулзоримиз оралаб юрганини кўриб, янада мамнун кайфият туярдим. Улар ҳатто устозларини табриклаш, саҳнасини безатиш учун сўрашганида "Эҳтиёт бўлиб узиб олинглар, қўлларинг шикастланмасин!" дея огоҳлантиришни ҳам унутмасдим.

Дарвоқе, атиргулнинг тикони унинг хавф-хатарсиз ўсиш имкони ҳамдир. Кўча ва йўл ёқаларига экилган бошқа гулларни ҳайвонлар пайҳонлаши, еб йўқотиши мумкинку, атиргулдан ақлсиз жониворларгача чўчишади. Бу айни муддао.

Гўзаллардан гўзал атиргул,

Ўзин ўзи сақлар ботиргул! -

десак ҳам асло муболаға қилмаймиз.

Демак, уни яна гулзорларимизга қайтаришимиз, ардоқлашимиз бошқа гуллардан воз кечишимизга олиб бормайди. Аксинча, турли-туман шакл, ранг, бўй уйғунлашган, айниқса, эрта кўкламда кеч кузаккача еримизга ҳусн, элимизга завқ бағишлашга бағоят ошуфталигимизни исботлайди, холос.

Содиқ САЙҲУН,

шоир ва публицист.