Наманган шаҳридаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши мажлислар залида Фарғона водийси тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва бош ҳамшираларининг "2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси"ни ўрганиш бўйича олти кунлик сайёр ўқуви бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти "Жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш" кафедраси мудири Дамин Асадов, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар сўзга чиқишди. Улар мазкур ўқувнинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти ҳақида гапириб, қатнашчиларни 48 соатлик сайёр малака ошириш курси машғулотларида фаол иштирок этишга чорлашди.

Дастлабки куни ТВМОИ "Жамоат саломатлиги ва соғ­лиқни сақлашни бошқариш кафедраси" мудири, профессор Дамин Асадов, мазкур кафедра доценти Валихон Ҳакимов ва катта ўқитувчиси Дил­ором Содиқхўжаевалар соҳада кечаётган ислоҳотларни жадаллаштиришнинг ҳуқуқий асосларига оид маърузалар ўқишди. Бинобарин, жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш йўналишлари, 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни мазмун-моҳиятига оид маърузалар тингланди.

- Узоғимиз яқин бўлиб, сайёр цикл машғулотларига таклиф этилдик. Ўқув бизда катта таассурот қолдирмоқда, - дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали бош ҳамшираси Барчиной Охунова.

Ҳафта давомида пойтахтдан таниқли мутахассис ва воизлар келишиб, соҳага тааллуқли ғоят долзарб мавзулар юзасидан чиқишлар қилишди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шартномалари масалалари ҳақида мулоҳаза юритди. Шунингдек, "Ўзбекистон Республикасида тиббий-ижтимоий хизмат", "Соғлиқни сақлаш иқтисодиёти ва молиялаштириш","Тиббий ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш тизимида ижро интизоми, коррупцияга қарши кураш", "Тиббий суғурта", "Халқ табобати" каби мавзуларни қамраб олган машғулотлар ҳам тингловчиларда қизиқиш уйғотди.

- Сайёр ўқувни ташкиллаган соғлиқни сақлаш вазирлигига, барча шароитларни яратиб берган вилоят ҳокимлигига миннатдорчилик билдирамиз. Соғ­лиқни сақлашни ташкил этишнинг назарий жиҳатлари, айниқса Президентимиз Фармон ва Қарорлари, Қонунлар ва бош­қа меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан мукаммал танишиб чиқяпмиз,- дейди Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насиба Бозорова.

Машғулотлар ҳам назарий, ҳам амалий тарзда олиб борилди. Тиббиётдаги янгиланишлар жараёни, фаолият самарадорлигини оширишга ҳалақит бераётган муаммолар ва уларни бартараф этиш омиллари изоҳлаб берилди. Ўқув якунида қатнашчиларга Сертификатлар топширилди.

- Тиббиёт муассасаси раҳбари қанчалар билимдон ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлса, тиббий хизмат натижадорлиги шунчалар юксалиши маш­ғулотлар чоғида ифодалаб берилди. Сайёр ўқувда ўрганганларимизни раҳбарлигимиздаги муассасаларда изчил қўллаймиз, - дейди Андижон вилояти "Она ва бола" скрининги маркази бош шифокори Раънохон Сатторова.

- Бугунги кун бош шифокори менежментлик маҳорати, иқтисодий тушунчаси юқори бўлиши муҳимлигини ўқув давомида чуқур англаб етдик, - дея суҳбатга қўшилди Қўрғонтепадаги ногирон болалар "Мурувват уйи" раҳбари Хуршида Халилова.

Мамлактимиз тиббиётида изчил ислоҳотлар жараёни кечяпти. Соҳага замонавий технологиялар татбиқ қилинмоқда. Мана шундай янгиланишлар даврида замон талаблари даражасида фаолият юритиш соғлиқни сақлаш тизими бошқаруви раҳбарларидан чуқур билим, юқори малака ва юксак маҳорат талаб этади. Сайёр ўқув тингловчиларнинг истиқболдаги вазифаларни изчил амалга оширишга тайёрлаш, уларнинг ташкилотчилик қобилиятларини ўстиришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ғ. АБДУЛЛАЕВ.