Соҳа ишини янада яхшилаш баробарида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ кўп тармоқли марказий поликлиникалар фаолиятини ҳам бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштириш зарурияти юзага чиқмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўтказиб келинаётган семинарлар чоғида жойларда олиб борилаётган ижобий ишлар намуна сифатида кўрсатиляпти.
Яқинда Чортоқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкилланган анжуманда ҳам шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Тиббиёт маскани ҳовлисида "Саломатлик бурчаги" қандай бўлиши керак?" деган саволга ойдинлик киритилди. "Соғлом овқатланиш майдончаси"даги кўргазмалар ҳам қатнашчиларда қизиқиш уйғотди. "Электрон поликлиника" ахборотлашган тизимининг фаолияти, унинг самаралари юзасидан тушунча берилди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси яхлит фаолияти бинонинг барча қаватларида йўлга қўйилган тиббий хизматлар уйғунлигида намоён бўлди.
Анжуманнинг назарий қисмини туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамажонова олиб борди. КТМП мудири Мавлуда Аҳмадалиеванинг маърузасида тегишли қонунчилик, Президент Фармон ва Қарорларида белгилаб қўйилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган амалий ишлар, жорий этилаётган янгиликлар ифодалаб берилди. Савол-жавоблар чоғида тўпланган тажрибалар, поликлиника ишини янада яхшилашга доир масалалар юзасидан фикрлашиб олинди.
Анжуман якунида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров сўзга чиқди. У шаҳар ва туманлар кўп тармоқли поликлиникалари фаолияти бугунги кун талаблари даражасида эмаслиги ҳақида тўхталиб, Чортоқда ўрганилган янгиликларни бошқа жойларда ҳам жадал оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Нотиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ҳамкорликда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Боёвут туманларида уюштирилган кўргазмали анжуман тафсилотлари ҳақида батафсил гапириб берди. Соҳага жорий этилаётган ахборот-коммуникация технологияларининг афзалликларини изоҳлади.