Вилоятимизда замон талаблари даражасидаги хусусий тиббиёт муассасалари сони тобора кўпайиб бормоқда. Ана шундай шохобчалардан яна бири Чортоқ туманида бунёд этилди. Барча қулайликларга эга ушбу диагнос­тика марказининг тақдимот маросими ўтказилди.

Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Адиба Асроқулова кириш сўзи билан очди. У туман аҳолиси саломатлигини сақлаш, айниқса аёллар ва болаларда, кексаларда касаллик аломатларини барвақт аниқлаш ва самарали даволаш борасида диагностика марказининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Хусусий корхона бош врачи Марғуба Соттибоева раҳбарлигидаги жамоанинг ишларига омадлар тилади.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Зулфия Мамажонова ҳам тадбирда сўзга чиқиб, давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларининг ҳамкорлиги ҳақида тўхталди. Шундан сўнг меҳнат фахрийлари ва меҳмонлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, барча йиғилганлар тиббиёт муассасасида яратилган қулайликлар билан яқиндан танишишди.

Тиббий хизмат кўрсатиш биринчи меҳмонлардан бошланди. Марғуба Соттибоева бир гуруҳ аёлларни, кекса ёшдаги отахону онахонларни ультратовуш аппаратида бепул тиббий кўрикдан ўтказди.

- "Азизбек Муниса шифо" ҳозиргача ижарада хизмат кўрсатиб келаётган эди. Энди ўз биносига эга бўлди. Туман ҳокимининг қарори асосида ер ажратилди. Муассаса биносини қуриш учун 300 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Энди бу ерда неврология ҳамда ультратовуш диагностикаси йўналишлари бўйича аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси лицензиялаш ва аккредитациялаш бўйича бош мутахассиси Назиржон Давлатов.

Манзура ЭРГАШЕВА.