Бу инсонни кўпдан бери биламан. Илк бор кўрганимда очиқчеҳра, камтарин, ҳарбий либоси ўзига ярашган, оқил раҳбар сифатида таассурот уйғотганди. Эндиликда у ички ишлар идоралари тиббиёт фахрийси, ёш шифокорларнинг меҳрибон устози, намунали оила соҳиби, набираларнинг суюкли бобоси.

Ҳа, Абдуллазиз Бобоев бугун 60 баҳорини қаршилади. Унинг умр йўлига назар солинса, интилганга толе ёр эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилинади. У 1959 йилда Косонсой туманининг Қўқимбой қишлоғида таваллуд топган. Ҳайдовчилик касбини ардоқлаган Абдумалик ака, уй бекаси Роҳилахон аяларнинг тарбиясини олган Абдулазиз меҳнатсевар, илмга чаноқ, теран фикрлилиги билан ажралиб турарди. Шифокор бўлиб, одамлар саломатлигини сақлашга ҳисса қўшиш эса унинг болалик орзуси эди.

Ана шу мақсад сари қўйилган қадам самараси ўлароқ Абдуллазиз Наманган тиббиёт билим юрти талабасига айланди. Фельдшерлик дипломини олгач йигитлик бурчини ўташга интилди. Ҳарбий госпиталдаги хизмат даврида касбий кўникмасини янада мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Аммо врачлик ихтисосини эгаллаш нияти унга асло таскин бермас эди. Шу боис ҳам ҳарбий хизматдан қайтибоқ Тошкент давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Омади кулиб, барча имтиҳонлардан юқори баҳо олиб, олийгоҳ талабалари сафига қўшилди.

Йигирма бир йил муқаддам олийгоҳни тамомлаган Абдуллазиз йўлланма билан ўзи таҳсил олган Наманган тиббиёт билим юртига ишга келди. Унинг ўқитувчилик фаолияти узоққа чўзилмади. Тез орада вилоят ички ишлар бошқармаси 12-сонли ҳибсхонасида шифокорлар сардори бўлди. Ке­йинчалик ҳарбий шифокорликнинг турли мансабларида фаолият кўрсатди. Ички ишлар подполковниги ўн йил муқаддам нафақага кузатилган. Шундай бўлса ҳам у ҳамон сафда. Республика Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳарбий госпиталда шифокорликни давом эттирмоқда.

Абдуллазиз ака бахтиёр оила соҳиби. Умр йўлдоши Саидахон билан тўрт нафар фарзандни камолотга етказган. Ўғиллари ҳам ота изидан бориб, ички ишлар идораларида хизмат қилишмоқда. Аъзамжон эксперт-криминалист, Акрамжон эса Миллий гвардия қўриқлаш тизими ходими. Катта қизи Азиза вилоят ички ишлар бошқармаси поликлиникаси ҳамшираси, кенжа фарзанд Аниса эса уй бекаси.

Узоқ йиллар ички ишлар тизими тиббиётида ҳалол ва виждонан хизмат қилиб, чинакам фидойилик намунасини амалда кўрсатган Абдуллазиз Бобоевнинг умр дафтаридаги айрим саҳифаларга кўз югуртирдик, холос. Фахрий шифокорнинг эътиборга молик фаолият қирралари аслида бундан ҳам кўп. Умр дафтарининг янги саҳифалари эса фарзандлар саъй-ҳаракатида, шогирдлар изланишида намоён бўлмоқда. Демак, Абдуллазиз Бобоев ҳаётининг мазмуни бундан ҳам бойишига шубҳа йўқ.

Абдулла ҒОЗИЕВ.