Таҳририятимизга йўлланган телефон қўнғироғи ушбу лавҳа ёзилишига сабаб бўлди. Вилоят эндокринология диспансерида ишловчи Сайёра исмли ҳамшира ширин сўзлари билан беморлар кўнглини кўтаришга, дардларини енгиллатишга ғоят уста эканлиги, агар у ҳақда газетамизда мақола ёзилса, бўлимда даволанаётганларнинг истаги амалга ошишига умид билдирилган эди-да.
Шундан сўнг диспансернинг диабетология ва тиреодология бўлими катта ҳамшираси Сайёра Абдумажидованинг иш фаолияти билан қизиқдик.
- Болалигимдаёқ шифокор бўлишни, ота-онам каби одамларни даволашни ниятлаганман, - деди у мамнуният билан. - Жўрабой дадам вилоят кўп тармоқли шифохонасида терапевт-врач, Оминахон онам эса болалар ревматология сиҳатгоҳида ҳамшира бўлганлар. Улар уйдаликларида ҳам одамлардан ёрдамларини ҳеч аямасдилар. Айниқса, дадажоним шаҳар марказига боришга имконияти йўқлар, қўни-қўшни, маҳалла-кўйдагиларни, муолажаларига муҳтож беморларни тун-кун ҳожатини чиқаришдан эринмасдилар. Соғайганларидан сўнг беҳад ҳурсандликларини изҳорлашларидан, кўча-кўйда бизни ҳам "дўхтирнинг қизи" деб ҳурмат кўрсатишларидан жуда-жуда фахрланардик. Ана шу фахр туйғулари мени оқ халатлилар сафига қўшилишга етаклаган...
Энди давомини ўзимиз баён қилайлик. Билимга чанқоқ қиз Шўрқишлоқдаги 15-мактабни олтин медалга битирди. Буни қарангки, шифокорлик туғма қонида бор Сайёра тиббиёт билим юртини ҳам қизил диплом билан якунлади.
Илк иш фаолиятини 1995 йилдан болалар ревматалогия санаториясида бошлади. Жамоадагилар уни яхши кутиб олишди. Чунки онаси Омина опа ҳам шу ерда ишларди. Чаққон, меҳрибон ва самимий Сайёра болалар билан тезда тил топишди. Уларнинг муолажасига астойдил киришди. Малакасини мукаммаллаштириб, 2000 йилдан вилоят эндокринология диспансерида фаолиятини давом эттирди. Бу ерда ўткир зеҳнли, ноёб қобилиятли Сайёра бир неча бор "Ҳамшира" танловларида қатнашиб, совриндорлар сафига қўшилди. Бухорода "Умид" ҳайрия жамғармаси томонидан ўтказилган "Энг яхши педиатр-ҳамшира" танловининг ҳам иштирокчиси бўлди.
У ҳамон изланишдан ва ўқишдан эринмайди. Устозлари, олий тоифали шифокорлар Акбарали Ҳамдамов, Аҳмадхон Акбархўжаев, Тоҳиржон Шокиров, Гулмира Пўлатова, катта ҳамшира Фарида Исмоилова, Насиба Кумишовалардан жуда-жуда миннатдор. Бўлим мудири Матлуба Қодирова билан ҳамиша ҳамкору ҳамнафас. Жамоадаги Гўзал Абдураҳмонова, Дилсўз Мадраҳимова, Нигора Бозорбоева, Дилноза Абдуллаева, Моҳира Боймирзаева, Ҳалима Каримова, Ақида Бўрибоева Дилором Файзиева каби ўрта тиббиёт ходимларининг энг яқин маслакдоши.
Сайёра ҳар куни эрта тонгдан ишига ошиқади. Биринчи навбатда муолажахона ва палаталарнинг озода саранжом-саришталигини кўздан кечириб, юритилаётган журналларни, беморларга тарқатилаётган дори-дармонларни назорат қилади. Кейин беморларнинг кўнглига йўл топиш ҳаракатига тушади. Энг муҳими, диабет - касаллик эмаслигини уларга тушунтиришдан чарчамайди. Соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, парҳез қоидаларига қатъий амал қилишни эслатгани эслатган.
- Бир неча йилдан буён даволанаман, - дейди янгиқўрғонлик отахон Рустамжон Жўрабоев. - Сайёра қизимнинг муолажаларини олиб, умидбахш сўзларини эшитиб касаллигимни ҳам унутиб қўяман. Ҳамиша табассум билан, яхши гапириб, чиройли муомалада бўлади. "Отахон сиз касал эмассиз, бугун кечагидан ҳам яхшисиз-а, рангларингиз тиниқиб, анча тетикланибсиз, шифохонадан кетгандан кейин ҳам парҳезга тўлиқ амал қилсангиз, янада бардамлашасиз" - дейди у меҳр билан.
Ота-онасига муносиб издош бўла олган Сайёра айни пайтда намунали оила бекасидир. Турмуш ўртоғи Анасхон ака билан 3 нафар фарзандни вояга етказяпти. Ўғли Иззатилла дадасидек тадбиркор, қизи Рухсора эса онаси каби ҳамшираликни танлади.
Манзура ЭРГАШЕВА.