Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг мажлислар залида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов олиб борди.

Тадбирда вилоят ички ишлар бош­қармаси коррупцияга қарши курашиш бўлими масъул ходими Аброр Боймирзаев соғлиқни сақлаш тизимида коррупция ва ҳуқуқбузарликлар, вилоят прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Зуҳриддин Бойзоқов "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти ва тизим билан боғлиқ жараёнлар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш Наманган вилояти бўлими бошлиғи Неъматилла Қирғизбоев жорий йилнинг ўтган олти ойида тизимда содир этилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан маърузалар билан чиқдилар.

Нотиқлар соҳадаги аянчли аҳволни мавжуд далиллар билан изоҳлаб бердилар.Таъмагирлик ва фирибгарлик оқибатида фуқароларнинг тиббий хизматга нисбатан норозилик кайфияти юзага келаётганлиги, бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда тараққиёт кушандаси бўлмиш бу иллатга қарши беаёв кураш олиб борилаётганлиги, тегишли қонун ижроси таъминланаётганлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 27 майда имзоланган "Ўзбекистон Республикасида корруп­ция­га қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонда кўзда тутилган вазифалар эса ҳуқуқбузарликнинг мазкур турига нисбатан курашиш ишларини янада кучайтиришни тақозо этади.

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш соҳасидаги коррупцион ҳолатларга чек қўйиш фурсати аллақачон етган. Афсуски, беморларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш, баъзан шифокорлар томонидан қиммат нархлардаги ва кераксиз дори-дармонларни ёзиб бериш, асоссиз жарроҳлик амалиётлари ўтказиш, ишга қабул қилишдаги таъмагирликлар ҳамон учраб турибди.

Йиғилишда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг илдизи билан йўқотиш юзасидан тавсиялар берилди. Иллатни бартараф этишнинг муҳим шарт­ларидан бири - аввало, тиббиёт ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қолаверса ҳар бир тиббиёт муассасасида жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйишдан иборат. Коррупция ва таъмагирликнинг пайини қирқиш учун ҳамжиҳатлик билан курашилсагина мақсадга эришиш мумкинлиги айтилди.

Ҳудди шундай йиғилиш вилоят стоматология поликлиникаси мажлислар залида ҳам ўтказилди. Унга Уйчи,Учқўр­ғон,Норин ва Чортоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари тизимидаги муассасалар вакиллари таклиф этилди.

Ғ. АБДУЛЛАЕВ.